ЖАМОЛИДДИН ал-АФҒОНИЙ

ЖАМОЛИДДИН ал-АФҒОНИЙ, Муҳаммад бин Сафдор Жамолиддин (1839, Шарқий Афғонистоннинг Асадобод ш. — 1897, Истанбул ш.) — диний ва сиёсий арбоб, исломчилик назариясининг асосчиси. Кобулда диний, Ҳиндистонда дунёвий билим олди. 1869 й. гача афғон амирлари хизматида бўлди, уларнинг ҳокимият учун ўзаро курашларида қатнашди. Ҳаётининг кўп қисми Ҳиндистон, Миср, Ироқ, Россия, Франция, Англия, Туркия каби давлатларда муҳожирликда кечди. Ислом динини ислоҳ қилиш ва мусулмон оламини ислом байроғи остида бирлашишга қилган даъватлари билан танилди. 1871—79 й. ларда Миср ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол қатнашди. Истибдодни танқид қилиб, конституциявий тузум ўрнатиш учун курашда ислом динининг маънавийахлоқий ақидаларига асосланган ижтимоий тенглик ва адолат ғояларини тарғиб қилди. 1879 й. у Искандарияда Ёш мисрликлар жамиятини тузди. Фаол сиёсий фаолияти учун Мисрдан чиқариб юборилди. Полиция назорати остида Калькутта ва Ҳайдаробод (Ҳиндистон) да яшади. 1883 й. дан Европа (Лондон, Париж)да истиқомат қилди. Парижда шайх Муҳаммад Абду билан бирга «Алурват ал-вусқа» («Мустаҳкам бирлик») яширин жамиятини тузди ва шу номдаги газ. ни нашр этди. Москва ва Петербургда ҳам бўлди. Россия мусулмонлари б-н учрашган чоғида (1888) ислом динини ислоҳ қилиш ва янгилаш билан бир қаторда мусулмонлар олдига фан ва техника ютуқларини эгаллаш вазифасини қўйди. Унинг фикрича, бу ҳолат Европа маданияти унсурларини Шарқ муҳитига юзаки жорий этишни англатмай, балки Шарқнинг ғоят бой маънавий маданиятини ва ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, уларни бир-бирига уйғунлаштириш эди. Шарқ халқлари маданий ва илмий меросини камситишга қарши қаратилган европоцентризм назариясига қарши фаол курашган. Инқилобий миллатпарвар доиралар билан ҳамкорлик ўрнатди. 1892 й. Туркияга қайтди ва шу ерда вафот этди. 1944 й. хоки Кобулга олиб келинди ва дафн этилди. Қабри устида мақбара ўрнатилган. Жамолиддин Ал-Афғоний араб, форс ва француз тилларида ислом тарихи ва шариат бўйича кўплаб асарлар ёзди. Улардан асосийлари: «Материалистларни инкор қилиш», «Ренанга ал-Афғонийнинг жавоби», «Ўқитиш ва таълимнинг фойдаси ҳақида», «Экзегетни экзегези» ва б.

Ж. А. Мисрда шайх Муҳаммад Абду, Татаристонда Ризоуддин ибн Фахруддин (1859—1936), Туркияда шоир Меҳмед Эмин кабиларни тарбиялаб етиштирган ислом мужтаҳиди ҳисобланади. Унинг таълимоти вафотидан сўнг ҳам кенг тарқалди. Туркистон минтақасида Россияга қарши олиб борилган миллий озодлик ҳаракатларида унинг ғоялари муайян даражада ижобий роль ўйнади. Шарқ мамлакатлари (Эрон, Туркия ва б.) да бўлган инқилобларда бу ғоя мусулмон халқларини бирлаштирувчи таълимот бўлиб майдонга чиқди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Шарқда мустамлакачилик тизимининг емирилишида Жамолиддин Ал-Афғоний таълимотининг ҳам ўз ҳиссаси бор.

Ад.: Ўзбекистонннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистoн совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000.

Қаҳрамон Ражабов.