ЖАМОЛЗОДА, Саид Муҳаммад Али (1890, Исфаҳон ш., Эрон, — 1992, Женева, Швейцария) — ёзувчи. Исфаҳон, Теҳрон ва Францияда ўқиган. Ҳуқуқшунослик д-ри. Адабий фаолияти 20-й. лардан бошланган. Биринчи ҳажвий ҳикоялар тўплами — «Бир бор экан, бир йўқ экан» (1921) билан ҳозирги Эрон ҳажвий прозасини бошлаб берган. Ҳикояларида Эрондаги турли табақа вакиллари қиёфаси тасвирланган. Жамолзода «Ҳусайн Али амаки» (1942), «Аччиқ ва ширин» (1955) каби ҳикоялар тўпламлари ва «Жиннихона» (1942), «Маҳшар саҳроси» (1944), «Култашандевон» (1945), «Сув йўли» (1947), «Унги-чапи бир хил мато» (1955) каби қиссалар, шунингдек, қатор пьесалар ва мақолалар муаллифи. У Шиллер, Мольер ва б. ёзувчиларнинг асарларини форсчага таржима қилган. Жамолзоданинг бир қанча асарлари ўзбек тилида нашр қилинган.