ЖАМУКАТ

ЖАМУКАТ, Ҳамукат — Еттисувда, Талас дарёсининг сўл томонида суғдлар қурган шаҳар (6-а.). Наршахийнит «Бухоро тарихи»да: «Бухороликлар… Туркистон ва Тароз яқинида бир шаҳар бино қилиб, уни Ҳамукат деб атадилар, чунки Бухородан қочиб кетган тоифанинг раиси бўлмиш бир катта деҳқоннинг номи Ҳамук эди; «Ҳамук» деб, Бухоро тилида гавҳарга айтилади, «кет» эса — шаҳар, яъни Ҳамукат «Ҳамук — гавҳарнинг шаҳари» демакдир. Бухоро тилида катта одамни «ҳамук», яъни фалончи гавҳар дейдилар», деб ёзилган. Кейинги асрларда шаҳар янада тараққий этган. Араб географи Муқаддасий Ж. ни Исфижоб (Сайрам) вилояти шаҳарлари рўйхатида кўрсатиб: «Жамукат қалъаси ва жоме масжиди, девор билан ўралган рабодида бозорлари бўлган каттагина шаҳар эди», деб ёзади.