ЖАНГНОМА — эпик жанр. Бунда тарихий ва афсонавий жанглар, айрим афсонавий ва тарихий шахслар кўрсатган мардлик ва қаҳрамонликлар муболағали ҳамда кўтаринки руҳ билан баён қилинади. Мустақил жанр сифатида у қад. қаҳрамонлик достонлари таъсирида шаклланган. Жангнома ларда қаҳрамонларнинг, хусусан, бош қаҳрамоннинг куч-қудрати, қурол-яроқлари, жанги ва жасорати ғоят бўрттириб тасвирланади. Жангномалар насрий ҳамда шеърий шаклларда бўлиши мумкин. Кўпгина Жангномалар насрда ёзилиб, баъзан асар таркибига шеърий парчалар xам киритилади. Жангноманинг қад. кўринишларига қад. мифик қаҳрамонлар ҳақидаги «Жангномаи Жамшид», «Қаҳрамон Қотил», «Хўшанг», «Искандар пошшо» каби асарлар киради.
Ўрта асрларда эса Жангномалар («Жангномаи Амир Ҳамза», «Абу Муслим жангномаси», «Жангномаи Саййид Баттоли Ғозий», «Аҳмад Замжий», «Мусайбнома», «Етмиш ғазот» ва б.) халқ орасида кенг тарқалган. Ўзбек халқининг маданий ҳаётида жангномахонлик анъанаси кенг ўрин тутган. Чунки бундай асарларнинг яхши намуналари кишиларни юртпарварлик, қаҳрамонлик ва элга фидойилик каби юксак ғоялар руҳида тарбиялашда катта аҳамият касб этган.