ЖАННАТ

ЖАННАТ — кўпчилик диний таълимотларга кўра, тақводор диндорлар нариги дунёда роҳат ва фароғатда яшайдиган жой. Яҳудийлик, христианлик, ислом динларидаги асосий тушунчалардан бири. Барча динларда Жаннат дўзахга қарамақарши қўйилади. Библия (Қадимги аҳа) да Жаннат гўзал боғ сифатида тасвирланади, унда Одамато билан Момоҳаво яшагани, улар гуноҳ иш қилиб қўйганларидан кейин Жаннатдан қувилгани ҳақида ёзилган. Қуръонда Жаннат ҳақида бир неча ерда баён қилинган (47: 15; 55: 46-78; 76: 11-22). Диний ақида бўйича, бу дунёдаги ҳаёти даврида имонли ҳолида эзгу ишлар билан шуғулланган кишиларга Аллоҳ томонидан Жаннатдан жой берилади. Жаннат даги ҳаёт абадий, безаволдир. Жаннат дагиларни Аллоҳ турли неъматлар билан таъминлайди. У ерда ғам-ғусса ва ташвиш йўқ. Одамларнинг яхши кўрган барча нарсаси муҳайё этилади. Қуръонда Жаннат дарахтзор, ариқларда зилол сувлар оқиб туради, деб таърифланади. У ерда инсонлар қаримайди ва касал ҳам бўлмайди. Диний таълимотда таъкидланишича, Жаннатда ҳавзи Кавсар мавжуд бўлиб, унинг суви оқ ва муздайлиги ҳамда хислатлари таърифланади. Ҳавзи Кавсардан Жаннат ахли сув ичади.

Ислом динига кўра, Жаннатнинг 8 та дарвозаси бор. Булар:

1) Пайгамбарлар, шаҳидлар, сиддиқ бандалар ва сахийлар; 2) намозхонлар;

3) закот берувчилар; 4) амри маъруф, наҳйи мункар қилган мўминлар;

5) нафсу шаҳватини жиловлаб юрганлар;

6) ҳаж ва умра қилганлар;

7) Аллоҳ йўлида жидду жахд қилганлар; 8 ) тақводорлар ва ота-онасини рози қилганлар кирадиган дарвозалардир. Жаннатни қўриқловчи фаришта «Ризвони жаннат» деб аталади. Жаннатда энг олий неъмат Аллохнинг дийдорини кўришлик ҳисобланади.

Ғани Абдуллаев, Абдулазиз Мансур.

Loading...