ЖАНУБИЙ ОЛАМУШУК НЕФТЬ КОНИ

ЖАНУБИЙ ОЛАМУШУК НЕФТЬ КОНИАндижон ш. дан 27 км шарқда Хўжаобод туманида жойлашган нефть кони. Конда геологик съёмка ишлари 1933 й. да бошланган, кон структураси ҳам 1933 й. да аниқланган. Қидирув ишлари 1943 й. да бошланиб, 1944 й. биринчи бурғи қудуғида палеоген ётқизиқларидан нефть топилган. 1945 й. кон фойдаланишга топширилган. Конда чуқур бурғи қудуғи ковланиб неоген, палеоген, бўр, юра даври ва палеозой эраси ётқизиқлари очилган. Неоген даври жинслари оч жигарранг, оч пушти, қўнғир рангли гилтош ва конгломерат қатламларидан иборат. Уларнинг ўртача қалинлиги 665 м. Палеоген даври ётқизиқлари орасида оҳактош, қумтош ва б. жинс қатламлари бўлиб, ўртача қалинлиги 450 м. Бўр даври ётқизиқларининг қалинлиги 1400 м бўлиб, ўзаро такрорланган қумтош, гилтош, оҳактош, гипс қатламларидан иборат. Юра даври ётқизиклари ҳам ўзаро такрорланувчи қумтош ва гил қатламларидан ташкил топган, умумий қалинлиги 120—130 м. Тектоник жиҳатдан Жан. Оламушук структураси Андижон гуруҳи тепаликларига мансуб бўлиб, Фарғона ботиғининг жан. да.

Кон жан.-ғарбдан шим.-шарққа йўналган, уз. 13 км, эни 5 км ли антиклиналь бурмада. Ж. О. н. к. да нефтга бой горизонтлар неоген, палеоген ва юра ётқизиқларида жойлашган. Айрим бурги қудуқларидан суткада 25 т гача нефть олинган (1969). Ж. О. н. к. да 3-, 5-, 6-, 7-горизонтлар нефтга бой. Ҳар бир горизонтнинг қалинлиги 25—30 м. Юра ётқизиқларидаги асосий маҳсулдор горизонтлардан бири 26-горизонтдир. Бу горизонт қумтошлардан ташкил топган. Бўр ётқизиқларида нефть бошқа ётқизиқларга нисбатан кам. Коннинг нефти енгил, с. оғ. 0,823—0,833, олтингугурт 0,013—0,27%, кўп смолали (10 — 16%), парафиннинг миқдори 1,76 дан 8,2% гача. Асфальтенлар 0,2 дан 0,7% гача, кокс 0,25—2,1%. Газнинг миқдори 5,4 дан 24% гача, зичлиги 0,632 — 0,823, олтингугурт кам (0—0,04%), азот кўп (10—52,3%), метаннинг миқдори 3868%. Ж. О. н. к. 1996 й. гача ишлаган. 2 та қудуқдан техник сув, 6 та қудуқдан артезиан суви олинмоқда.

Loading...