ЖАНУБИЙ ОРОЛ — Янги Зеландиянинг катта ороли. Шимолий о. дан Кук бўғози, Стьюарт о. дан Фаво бўғози орқали ажралган. Майд. 150,5 минг км2. Аҳолиси 880 минг кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари). Рельефи тоғли, ҳудудининг кўп қисми Жан. Альп тоғларидан (Кук тоғи, 3764 м, мамлакатдаги энг баланд чўққи) иборат. Иқлими субтропик денгиз, жан. да мўътадил иқлим. Тоғ ўрмонлари, яйловлар, тоғларнинг юқори қисми қор ва музликлар билан қопланган. Фьордленд, Маунт-Кук миллий парклари ташкил этилган. Оролнинг шарқий қисмидаги Кентербери текислиги — мамлакатнинг асосий деҳқончилик р-ни. Бош шаҳри — Крайстчерч.