ЖАНУБИЙ ҚОЗОҒИСТОН ВИЛОЯТИ

ЖАНУБИЙ ҚОЗОҒИСТОН ВИЛОЯТИҚозоғистон Республикаси жан.даги вилоят. 1932 й. 10 мартда ташкил этилган (1962—64 й. ларда Жанубий Қозоғистон ўлкасининг бир қисми, 1964 й. дан 1992 й. 6 майгача Чимкент вилояти). Майд. 117,3 минг км2. Аҳолиси 2018 минг киши (2000), асосан қозоқлар ва ўзбеклар, шунингдек, рус, украин, татар, озарбайжон, тожик ва б. миллат вакиллари яшайди. Маркази — Чимкент ш.

Жанубий Қозоғистон Вилояти Турон паст-текислигининг шарқий қисми ва Тяньшаннинг ғарбий тармоқларида жойлашган. Ҳудудининг кўп қисми текислик (бал. 200 — 300 м). Чекка жан. да Мирзачўлнинг шим. қисми, шим. да Бетпакдала чўли бор. Вилоятнинг марказий қисмида Қоратов тизмаси (энг баланд жойи 2176 м), жан.-шарқида Талас Олатовининг ғарбий чеккалари, Қоржонтов (2824 м) ва Угом (4238 м) тизмалари қад кўтарган. Иқлими кескин континентал. Ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши қисқа, илиқ, қор кам ёғади. Июлнинг ўртача т-раси шим. ва жан.-ғарбида 28°, жан.-шарқида 16 — 24°. Янв. нинг ўртача т-раси шим. да — 9°, жан. да —2°. Йилига 100—400 мм дан 1000 мм гача ёғин тушади. Вегетация даври 230—290 кун. Йирик дарёси — Сирдарё ва унинг ирмоқлари Келес, Қуруқкелес, Арис. Шим. да Чу дарёси оқиб ўтади. Сирдарёда Чордара сув омбори қурилган. Дўстлик, Арис ва Туркистон магистрал ирригация каналлари мавжуд. Сирдарё қайирида чучук сувли кўллар, Чу дарёси қуйи оқимида шўр кўл кўп. Текисликларда қумли ва қумоқ-қўнғир ва бўз-қўнғир тупроқларда бошоқли шувоқ ҳамда шўра, қора ва оқ саксовул, юлғун ўсади. Сирдарё ва Чу дарёлари қайирида ўтлоқ, шўрланган тупроқларда қамиш ўсади. Тоғларда вертикал минтақалар — чўл зонасидан альп ўтлоқлари ва музликларгача учрайди. Чўлда кемирувчилар (юмронқозиқ, қумсичқон, қўшоёқ), тоғларда тоғ такаси ва тоғ қўйи (архар), қоплон, айиқ, қушлардан тасқара, тўқайларда бўри, тулки, оқ сичқон, сассиқкўзан, қобон, қирғовул, кўлларда ғоз, ўрдак, чўлда судралувчилардан илон, тошбақа, калтакесак яшайди.

Вилоят иқтисодида кон саноати ва қ. х. хом ашёларини қайта ишлаш саноати б-н бирга интенсив обикор деҳкoнчилик ва чорвачилик ривожланган. Энергетикаси асосан табиий газ (Ўзбекистoн), тошкўмир (Қарағанда), маҳаллий қўнғир кўмир (Лангар) ва мазутда ишлайди. Кон саноати (Кентов ш. ва Ачисой ҳамда Байжонсой шаҳарчаларида полиметалл конлари ва бойитиш ф-калари), рангли металлургия (Чимкентда қўрғошин эритиш ф-каси), машинасозлик (прессавтоматлар, кардан валлари, автотрактор деталлари и. ч., экскаватор з-длари), кимё ва фармацевтика (чорва молларига бериладиган антибиотиклар, фосфорли тузлар з-длари), енгил (ип газлама к-ти, пахта тозалаш ва қоракўл тери з-длари, пайпоқ-трикотаж, тикувчилик, пойабзал ф-калари), озиқ-овқат (мой экстракция, сут ва мева консерва, вино з-длари) саноати тармоқлари ривожланган. Цемент, ғишт, керамзит, нефтни қайта ишлаш з-длари бор. Жанубий Қозоғистон Вилояти обикор деҳқончилик, пахтачилик, токчилик ва боғдорчилик р-ни. Қ. х. да галла экинлари, техника экинлари, ем-хашак экинлари, сабзавот, полиз экинлари экилади. Токчилик ва боғдорчилик ривожланган. Чорвачиликда яйлов қоракўлчилиги, майин жунли ва гўшт-мой қўйчилиги, гўшт-сут қорамолчилиги ривожланган. Қўй, эчки, қорамол, йилқи, туя ва парранда боқилади. Тошкент—Арис — Оренбург, Олмаота — Арис—Оренбург т. й. магистралининг бир қисми ўтган. Муҳим автомобиль йўллари: Чимкент— Тошкент, Чимкент—Тароз, Чимкент— Туркистон — Қизилўрда, Авиалиниялар Чимкентни Тошкент, Москва, Бишкек, Олмаота, шунингдек, вилоят туманлари б-н боғлайди. Жанубий Қозоғистон Вилоятида олий ўқув юртлари, 2-театр, ўлкашунослик музейи, Сари-оғоч бальнеологик курорта бор.

Loading...