ЖАР

ЖАР — вақтинчалик оқар сувлар ерни ўйиб ювиб кетишидан ҳосил бўладиган турли катталикдаги чуқурлик. Жар асосан, юмшоқ жинслар (лёсс, лёссимон қумоқ) дан тузилган баланд текисликларда, тоғ этаги қияликларида кўп учрайди. Жар оқова ва ташлама сувни оқизиб қўйиш, ўрмонларни кесиб юбориш, агротехника қоидаларига хилоф ер ҳайдаш, тартибсиз мол боқиш натижасида ҳам вужудга келади. Жарнинг узунлиги бир неча ўн км гача, кенглиги ва чуқурлиги бир неча ўн м. гача бўлади. Жарлар, одатда, юқори қисмининг ўйилиши ҳисобига ўсади, таги ер ости сувига етгандан кейин чуқурлашишдан тўхтайди. Жарлар Ўрта Осиёда (Фарғона водийси), Волга бўйининг ўрмон-дашт ва дашт зоналарида, Хитойнинг лёссли вилоятларида, АҚШ ва тропик мамлакатларда кўпроқ тарқалган. Улар экинзорларни парчалаб катта зарар келтиради. Жар кўпайиб кетмаслиги учун дарахтлар ўтқазилади, тўғоғ ва тўсиқлар, тарновлар, сув омборлари қурилади.

Loading...