ЖАРИМА

ЖАРИМА — 1) қонунда белгиланган ҳолларда ундириладиган маблағ. Жарима жиноий жазо, маъмурий ва жамоатчилик таъсири чораси сифатида қўлланилади. Фуқаролик ҳуқуқида Жарима шартномани бажармаган ёки унинг бажариш муддатини ўтказиб юборган корхона, ташкилот, муассасаларга, жиноят хуқуқида жиноятчига (суд томонидан асосий ёки қўшимча жазо сифатида), маъмурий ҳуқуқда жамоат тартиби, транспортдан фойдаланиш, ов қилиш ва б. тартибларни бузганларга солинади. Ўзбекистон МЖКга мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор жисмоний ва юридик шахcдан давлат ҳисобига пул ундирилади. Фуқароларга солинадиган Жариманинг энг кам миқдори энг кам иш ҳақининг 50 дан бир қисмидан, мансабдор шахсларга эса — 10 дан бир қисмидан кам бўлмаслиги, энг кўп миқдори энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан ошмаслиги керак (qoнунда назарда тутилган айрим ҳолларда баъзи ҳуқуқбузарликлар учун Жарима микдори оширилиши мумкин). Жарима маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, қонун билан ваколат берилган бошқа органлар ёки мансабдор шахслар томонидан солинади;

2) спортда — қоидани бузганлик учун бериладиган жазо (мае, Жарима тўпи).

Loading...