
ЖАРҚЎРҒОН
ЖАРҚЎРҒОН — Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги шаҳар (1973). Туман маркази. 1951 й. да шаҳарча сифатида ташкил этилган. Вилоят маркази — Термиздан 42 км шим. да. Яқин т. й. станцияси — Жарқўрғондан 2 км. Сурхон дарёсининг ўнг соҳилида, 350 м баландликда жойлашган. Шаҳар орқали Занг канали оқиб ўтади. Аҳолиси 20,5 минг киши (2000). Жарқўрғон номи қадимда жар ёқасида жойлашган қўрғон номидан келиб чиққан. 8—12-а. ларда Жарқўрғон ўрнида Чарманган (Сарманган) ш. бўлиб, араб-форс географик адабиётларида кўп тилга олинган. 8-а. да араблар, 10-а. да ғазнавийлар, 11-а. да салжуқийлар, 12-а. 1-ярмида Бомиён ғурийлари, 13-а. бошларида хоразмшоҳлар қўлида, 13-а. ўрталарида Чиғатой улусига кирган. Ўша даврларда Жарқўрғон (Чарманган) мавқеи жиҳатидан Термиз ш. дан кейин 2-ўринда бўлган. Географик ўрнининг қулайлигидан Жарқўрғон қадимдан муҳим хўжалик маркази бўлиб келган. 1929 й. дат. й. ўтказилиши, 30-й. ларда бир неча нефть конининг очилиши Жарқўрғон хўжалигининг тез ўсишига сабаб бўлди. Шаҳар атрофидан нефть қазиб олинади. Пахта тозалаш, қурилиш материаллари з-длари, «Жарқўрғон-нефть» кон бошқармаси, нефть-кон машиналарини таъмирлаш устахоналари, тикувчилик ф-каси, автотранспорт корхонаси, ёқилғи сақлаш, қ. х. маҳсулотларини қабул қилиш омборхоналари мавжуд. Жарқўрғонда маъмурий, савдо ва маданий муассасалар, касалхона, амбулатория, ўрта мактаблар, халқ театри, кутубхона, алоқа бўлими, стадион, истироҳат ва маданият боғи фаолият кўрсатади.