ЖАВДАР

ЖАВДАР, қора буғдой (Secale) — ғалладошлар оиласига мансуб бир йиллик ва кўп йиллик ўсимликлар туркуми, дон экини. 13 туридан 11 таси ёввойи бўлиб, Кичик ва Ўрта Осиёда, Эрон, Афғонистон, Закавказье, Жан. Африкада ўсади, қолган 2 туридан бири — далаларда бегона ўт тариқасида учрайди (S. segetale), бири асосан Шим. ярим шар мамлакатларида етиштириладиган маданий ёки экиладиган Жавдар (S. cereale) дир. Жавдарнинг ватани Кавказ, Кичик ва Ўрта Осиёнинг тоғ олди минтақалари. Кузги ва баҳорги шакллари бор, асосан кузгиси экилади. Жаҳон бўйича экин майдони 9,9 млн. га ўртача ҳосилдорлик 20,3 ц/га, ялпи ҳосили 20,1 млн. т (1999). Асосан Европа мамлакатларида кўп экилади (Польшада — 2,2, Россияда 3,5, Украинада 0,6 млн. га). Ўзбекистонда Жавдар кам экилади (8 минг га, 1999).

Жавдар илдиз тизими попук илдиз, бақувват, ерга асосан 120 см (айрим илдизлари 2 м) гача кириб боради. Пояси похол, 5—6 бўғимдан иборат, бўйи 60 см дан 2—2,5 м гача. Битта ўсимликда 4—8 та поя бўлади. Барги барг қини ва ханжарсимон учли барг пластинкасидан иборат: тўпгули — бошоқ, гуллари икки жинсли, меваси дон, яланғоч, чўзинчоқ, асосан кулранг. Жавдар четдан чангланадиган ўсимлик. Жавдардан озиқ-овқат, ем-хашак ва техника мақсадларида фойдаланилади. Жавдар нон (буғдой нон билан биргаликда) энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотидир. Ёрмаси ва кўк массаси, уни чорва моллари учун қимматли озуқа; донидан аралаш озуқа, спирт ва крахмал, патока ишлаб чиқарилади, сомонидан қоғоз, целлюлоза, лигнин ва б. олинади, шунингдек, молларга едирилади ва тўшама ўрнида фойдаланилади. Кузги Жавдарнинг фаол вегетация даври (120—150 сутка) иккига бўлинади: вегетатив органлари ривожланиб борадиган кузги давр (40—50 сутка) ва генератив органлари шаклланадиган ва ўсимлик ҳосил берадиган баҳоргиёзги давр (75—100 сутка). Уруғи 1—2° иссиқда униб чиқади, майсалари совуққа чидамли. Жавдар апр. нинг охири — майнинг бошларида бошоқ чиқаради, июнь ойида пишади. Суғориладиган минтақаларда кузги Жавдарни маккажўхори, ғўза, картошка ва б. дала экинларидан бўшаган унумдор ерларга экиш тавсия этилади. Ўзбекистонда суғориладиган ерларда, асосан, кузда 4—6 см чуқурликда экилади (гектарига 2—2,5 ц уруғ сарфланади). Суғориладиган ерларда ҳосилдорлиги 20—50 ц/га, баҳорикор ерларда 10—20 ц/ га боради. Баъзи жойларда Жавдарни оралиқ экин тариқасида кўкатини молларга бериш учун ҳам экилади.

Навлари. Жавдарнинг Вятка, Козон, Дурагай 2, Вахш 116 (баҳори) ва б. экилади.

Зараркунандалари: швед пашшаси, гессен пашшаси, кузги пашшалар, хасва ва б.

Касалликлари: илдиз чириш, қоракуя, қоракўсов ва б.

Ад.: Ёрматова Д., Дала экинлари биологияси ва етиштириш технологияси, Т., 2000.

Қўзибой Душамов.