ЖАЙПУР

ЖАЙПУР — Ҳиндистоннинг шим.ғарбидаги шаҳар, Аравали тоғлари этагида. Рожастқон штатининг маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Аҳолиси 1,5 млн. дан зиёд киши (1990-й. лар ўрталари). Жайпурга 1728 й. да асос солинган. 18-а. да равнақ топган рожпут маданиятининг маркази бўлган. Шаҳар марказидаги қўрғонда 18-а. да қурилган сарой комплекси бўлиб, унда Чандра Маҳал саройи, бадий музей, Жантар-Мантар расадхонаси, Ҳаво Маҳал (Шамоллар Саройи; 1751—68) ва б. меъморий ёдгорликлари сакланган. Шаҳар деворидан ташқарида, жан. да 19-а. ўрталари ва 20-а. да Жайпурнинг янги қисми қурилган.

Жайпур —савдо маркази, транспорт йўллари тугуни. Ип газлама, кўн пойабзал, керамика, электротехника, озиқовқат саноати корхоналари, т. й. ва автомобиль таъмирлаш устахоналари бор. Қўлда фил суяги, мармар, металлдан бадиий буюмлар, заргарлик буюмлари тайёрланади, ҳар хил газлама тўқилади. Ун-т бор. Туризм ривожланган.