
ЖАЗ
ЖАЗ (инг. jazz) — профессионал мусиқа тури, замонавий оммабоп, хусусан эстрада мусиқаситтт асосий услубий манбаларидан бири. 19-а. охири — 20а. бошларида Африка ва Европа мусиқа маданиятининг элементлари бир-бирига қўшилиши натижасида Нью-Орлеан афроамерикаликлари ижодида юзага келган. Африка халклари фольклорининг белгилари — бир йўла турли усулларнинг янграши, деярли ҳар гал ўзгариб турувчи асосий куйнинг кўп такрорланиши, ўзига хос нолаларга бойлиги, ҳаяжонли куйлаш услуби, муайян йўналишдаги ижровий бадиҳагўйлик — Ж. нинг туб хусусиятларига айланган.
Дастлаб 7—8 созандадан иборат ансамбль қатнашчилари яратган ва ўзлари ижро этган асарлар Жаз ёки «жазбанд» деб аталган. Жаз асосчилари Л. С. Армстронг, Ж. К. Оливер, Ж. Доде, Э. К. Ори, Ж. Р. Мортон ва б. ана шундай ансамблларнинг раҳбари бўлган. Кейинчалик уларга таклидан диксиленд гуруҳлари пайдо бўлиб, Жаз санъатини Америка ва Европа мамлакатларида тарғиб этган. 1930-й. ларги «свинг» (Д. Эллингтон, У. К. Бейси), 40-й. лари «бибоп» (Ч. Паркер, Д. Д. Гиллеспи), кейинчалик «кул» (М. Дейвис) ва б. услублар юзага келган, йирик Жаз оркестрлар ташкил топган. Б. Гудмен (1962 й. Тошкентда ўз оркестри б-н гастролда бўлган), Г. Миллер ва Ж. Колтрейн (АҚШ), Ж. Данкворт (Англия), М. Легран (Франция), К. Влах ва Г. Бром (Чехословакия), К. Эдельхаген (Германия), К. Комеда (Польша), А. Цфасман, Л.
Утёсов, О. Лундстрем (Россия) машҳур Жаз оркестрларининг асосчиларидир. Ўзбекистонда Жаз мусиқаси 1940-й. ларнинг 2-ярмида юзага кела бошлаган. Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон каби шаҳарларнинг кинотеатр, маданият саройи, шаҳар боғларида Д. Соколов, А. Поздняков, М. Азатьян ва б. раҳбарлигида ташкил топган мусика ансамбллари Жаз ва эстрада мусиқаси намуналарини ижро этган. 1958 й. да Ўзбекистoн эстрада оркестри, 1963 й. да Ўзтелерадио қошида Эстрадасимфоник оркестрларнинг таркиб топиши Жаз ривожи учун туртки бўлган. Бунда айниқса А. Кролл, А. Малахов, Е. Живаев каби дирижёрларнинг қўшган ҳиссаси салмокли бўлган. «Наманганнинг олмаси» (Ш. Рамазонов), «Қиз бола» (Э. Солиҳов) қўшиқларининг Жаз услубида қайта ишланган вариантлари, А. Малаховнинг ўзбек оҳанг ва усулларидан фойдалниб ёзилган «Юлдуз доираси», «Қора кўзлар» оркестр асарлари миллий Жаз мусикасининг илк намуналаридандир. Жаз мусикаси кейинги даврда ҳам тараққий этди. 1968 й. да Тошкентда 1-Ж. мусиқаси фестивали бўлиб ўтди; 1977, 1978, 1984 й. лари Фарғонада Жаз мусиқаси халқаро фестиваллари ўтазилган; мазкур шаҳарларда Жаз клублари, Бухоро, Навоий ва б. шаҳарларда Жаз гуруxлари ташкил топган. Булардан Э. Қаландаров, С. Гилёв («Интер»), Л. Отабеков («Сато»), Б. Сметанов («Радуга»), Г. Каприелов («Осиё») раҳбарлигидаги гурухлар халқаро Жаз фестивали ва эстрада танловларида совринли уринларга эга бўлдилар. Ҳозирда Жаз мусиқаси ижрочиларидан «Ўзбекнаво» қошидаги Б. Зокиров номидаги эстрада оркестри (Е. Живаев), Тошкент давлат консерваториясининг биг бэнди (жаз оркестри) (Б. Муртазаев), Г. Бугданов, А. Хабирханов раҳбарлигидаги гурухлар фаолият курсатмокда. Ўзбекистoн Ж. мусикаси намуналари «Мелодия» фирмаси томонидан грампластинкага ёзилган: «Шарқ сюитаси» (Тошкент Жаз клуби гуруҳи), «Эфсане» («Сато» гуруҳи) ва б.