ЖАЗО

ЖАЗО (ҳуқуқда) — ҳуқуқбузарлик содир этишда айбланган шахсларга нисбатан қўлланадиган маънавий, моддий ёки жисмоний чеклашлар билан боғлиқ бўлган мажбурлов чораси. Жазо ҳуқуқий тартибот сифатида давлат ва ҳуқуқ, шунингдек, бундай ҳуқуқни қўллаш ваколати бўлган махсус органлар вужудга келган пайтдан бошлаб пайдо бўлган. Жазо ижтимоий адолатни тиклаш, жиноят содир этган шахсни ахлоқан тузатиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноий фаолият давом этишига тўсқинлик қилиш, янги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, Жазолар интизомий, маъмурий ва жиноий бўлиши мумкин. Ана шу Жазо лардан қайси бири қўлланилмасин, ҳуқуқ бузишда айбланаётган шахсга нисбатан қонун ва норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда маънавий, моддий ёки жисмоний характердаги чеклаш қўлланилади. Шу билан бирга ҳуқуқ бузиш содир этишда фойдаланилган қурол, восита, ҳуқуқ бузиш орқали қўлга киритилган нарсалар мусодара қилиниши мумкин. Интизомий Жазо — мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай юридик шахс мақомига эга бўлган корхона, муассаса, ташкилотда белгиланган ички меҳнат интизоминн бузган шахсга нисбатан иш берувчилар томонидан қўлланадиган мажбурлов чораси бўлиб, хайфсан бериш, жарима солиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш (ишдан бўшатиш) тарзида бўлиши мумкин. Интизомий Жазо шахсларни ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахс (орган) томонидан, маъмурий жазо — маъмурий ишлар бўйича туман (шаҳар) судьяси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошидаги маъмурий комиссиялар, вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи туман (шаҳар) комиссиялари, ички ишлар (милиция) органларининг, давлат инспекцияси органларининг мансабдор шахслари, шунингдек, маъмурий Жазо қўллаш ваколати берилган бошқа органларнинг мансабдор шахслари томонидан, жиноий жазо эса — давлат номидан суд ҳукми билан берилади.

Мамажон Усмоналиев.

Prev Article

ЖАЗАВА

Next Article

ЖАЗОИР