ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИШ

ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИШ — баъзи жиноят қилганларга жазо тайинламаслик, тайинланган жазони ўташдан батамом ёки қисман озод қилиш. Жазодан озод қилиш жиноят ҳуқуқининг муҳим инсонпарварлик тамойилларидан бири бўлиб, шахсга нисбатан тайинланган жиноий жазони ижро этмасдан ҳам уни тарбиялаш мумкин, у жамият учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди ёки жазонинг қолган қисмини реал равишда ўташи мақсадга мувофиқ эмас, деган қатъий хулосага келинса қўлланилади. ЎзР жиноят ҳуқуқига кўра, Жазодан озод қилиш суд томонидан айблов ҳукми чиқарилиб жазо тайинланганидан кейингина қўлланилади. Жиноий жазодан факат суд озод қилади. Шунингдек, ЎзРнинг Президентига афв этиш ва амнистия акти орқали Жазодан озод қилиш ваколати берилган. Жазодан озод қилиш 2 гуруҳга бўлинади:

1) жазодан тўла озод этиш;

2) жазодан қисман озод этиш. Жазодан тўла озод этишда суд айблов ҳукмини чиқарган ва жазо тайинланган ҳолда жиноий жазони ижро этмаслик ҳақида қарор қабул қилади. Бу гуруҳга Жазодан озод қилишнинг қуйидаги турлари киради: жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги; шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши; айбдорнинг чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги; шартли ҳукм қилиш. Жазодан қисман озод этишда маҳкум суд томонидан тайинланган жазонинг бир қисмини ўтайди ҳамда жазонинг ўталмаган қисмидан озод этилади ёхуд ушбу жазо енгилроғи б-н алмаштирилади. Бу гуруҳга қуйидагилар киради: жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш; жазони енгилроғи билан алмаштириш. Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида Жазодан озод қилиш, амнистия акти ёки афв этиш асосида Жазодан озод қилиш хусусиятига кўра, тўла ёки қисман Жазодан озод қилишга мисол бўлиши мумкин. Булардан ташқари вояга етмаганларга нисбатан тарбиявий хусусиятдаги мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда Жазодан озод қилиш ҳам бор. Ж. о. қ. нинг ҳар бир турини қўллаш асослари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларида кўрсатилган.

Мамажон Усмоналиев.

Loading...