ЖАЗОИР

ЖАЗОИРЖазоир Халқ Демократик Республикасининг пойтахти. Жазоир вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси 2,5 млн. киши (1998).

Ўрта денгиз бўйида жойлашган. Иқлими субтропик, ўрта денгиз иқлими, қиши илиқ, ёзи қуруқ ва иссиқ. Ўртача т-ра янв. да 12°, июлда 25°; йилига 700 мм ёғин ёғади.

Жазоирга финикияликлар томонидан мил. ав. 9-а. охирида Эй-Қози бандаргоҳи сифатида асос солинган, кейинчалик римликлар томонидан Икозиум деб номланган. Икозиум вайроналари ўрнида 935 й. да барбар амири Бологгин ибн Зири янги шаҳар бунёд қилди ва кейинчалик бу шаҳар Жазоир деб аталди. 11-а. дан Ж. Ўрта денгизнинг йирик савдо порти, 13-а. дан Испаниядан қувғин қилинган мавр муҳожирлари маркази бўлди. 16-а. гача турли давлатлар таркибида бўлиб келган. 16-а. дан Усмонли турклар салтанатига қарам бўлган Жазоирнинг маркази. 1830 й. да французлар босиб олгач, 130 йил давомида Франциянинг Жазоир мустамлакасининг маъмурий маркази бўлди. Жазоирда 2-жаҳон уруши даврида иттифоқчи давлатлар қўмондонлигинингЎрта денгиздаги штаб квартираси жойлашган. Жазоир 1962 й. дан мустақил Жазоир давлатининг пойтахти.

Жазоир — транспорт йўллари тугуни, халқаро аэропорт бор. Ўрта денгиз бўйидаги йирик порт (йиллик юк ортиб тушириш 5,8 млн. т). Мамлакатнинг иқтисодий, илмий ва маданий маркази. Машинасозлик (автомобиль ва қ. х. машиналари), металлсозлик, озиқ-овқат (виночилик, ёғ, тамаки, ун тортиш), кимё, нефтни қайта ишлаш, цемент, целлюлоза-қоғоз, тўқимачилик корхоналари, ойна з-ди, ёғочсозлик ф-калари, иссиқлик электр ст-ялари, метрополитен бор.

Ж. Жазоир қўлтиғи бўйлаб 15 км га чўзилган, боғ ва парклар кўп. Жазоирнинг қад. қисмида қалъа, Катта масжид (1096), Сиди Абдураҳмон масжид-мақбараси (1611), Жоме ул-Жадид масжиди (1660), Ж. нинг Европача услубда қурилган қисмида Ҳукумат уйи (1930) бор. 1960 й. лардан янги турар жой бинолари қурилган. Ун-т, ин-тлар, махсус ўрта олий ўқув юртлари, Саҳрои Кабир ин-ти, расадхона, ботаника боғи, Миллий драма театри ва б. бор. Ҳар йили халқаро ярмарка ўтказилади.

Prev Article

ЖАЗОИР

Next Article

ЖАЙДАРИ ЗОТ