ЖАЗОИР

ЖАЗОИР, Жазоир Халқ Демократик Республикаси (араб. — Ал-Жумҳурия ал-Жазоирия Демократия аш-Шаабия) — Африканинг шим,-ғарбидаги давлат, Мағриб мамлакатларидан бири. Майд. 2381,7 минг км2. Аҳолиси 30,6 млн. киши (2001). Пойтахти — Жазоир ш. Ж. ҳудуди маъмурий жиҳатдан 47 вилойа (вилоят) ва Катта Жазоир пойтахт округига бўлинади.

Давлат тузуми. Жазоир — республика. Амалдаги конституция 1996 й. 28 нояб. даги референдумда маъқулланган. Давлат бошлиғипрезидент (1999 й. дан А. Бутефлика). У умумий ва тўғри яширин овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади ва яна 1 марта қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият — бир палатали Миллий халқ мажлиси. Ижрочи ҳокимият — президент бошчилигидаги Вазирлар кенгаши.

Табиати. Жазоир Атлас тоғларининг марказий қисмида ва Саҳрои Кабирда жойлашган. Ўрта денгиз соҳили субтропик, қолган қисми тропик минтақада. ТелАтлас, Сахрои Кабир Атласи тизмалари, Орес ва Варсенис тоғларини чукур даралар кесиб ўтган. Тог ораларидаги текислик ва платоларда шўр кул (себх)лар, шим.-шаркдаги катта паст-текисликда кумликлар учрайди. Жан.-шаркда зинапоясимон платолар билан ўралган Ахаггар вулкан тоғлиги (Тахат чўққиси 3005 м) жойлашган. Қумли (Катта Ғарбий Эрг, Катта Шарқий Эрг, Игиди, Шеш ва б.) ва тошлоқ, катта чўллар бор. Ж. да нефть, табиий газ, уран, темир, қўрғошин ва рух рудалари, фосфорит, симоб қазиб олинади. Жазоир нефть захираси бўйича Африкада 3-ўринда (200 га яқин нефть ва газ конлари бор).

Жазоирнинг шим. да иклим субтропик, Ўрта денгиз иқлими, қиши серёмғир, илиқ, ёзи иссиқ, қуруқ. Янв. нинг ўртача т-раси соҳилда 12°, тоғ оралиғидаги текисликларда 5°, июлники 25°. Энг юқори т-ра ҳамма жойда 40° дан баланд. Ёзда қуруқ шамол ва қаттиқ қурғоқчилик бўлиб туради. Нояб,—янв. да ёғингарчилик кўпроқ бўлади. Йиллик ёғин Тел-Атласда 400—800 мм, Кабилия тоғларида 1200 мм гача. Қишда қор тоғ чўққиларида 10—20 кунгина сақланиб туради. Сахрои Кабир қисмида июлнинг ўртача т-раси 30°, йиллик ёғин 200—400 мм. Саҳрои Кабирда чўл иқлими, йиллик ёғин 50 мм дан кам. Т-ранинг суткалик фарқи 30° га етади. Қумли бўрон бўлиб туради.

Қуруқ дарё ўзанлари — водий кўп. Энг каттаси — Шалиф (уз. 700 км). Дарёларда қисқа вақтли тошқинлар бўлиб туради. Жазоирнинг шим. даги водийларда тўғон, сув омборлари ва ГЭСлар қурилган. Суғоришда фойдаланилади. Сахрои Кабирда ер ости сувларининг захираси катта. Шимолий Жазоирда жигарранг тупроклар, баландлик минтақаларида эса жигарранг ва қўнғир ўрмон тупроқлари тарқалган. Тоғ этакларида шўрхоклар учрайди. Саҳрои Кабирда тошлоқ чўл тупроқлари, шамолда кўчиб юрувчи қумлар бор.

Соҳилларда Ўрта денгизга хос ўсимликлар, тоғларнинг 800—1000 м баландликлари оралиғида доимий яшил бутазорлар, зайтун, хандон писта, ундан юқорида пўкак дарахти, дуб, қарағай, арча, сарв ва б. ўсади. 1500—2000 м баландликда туйя ва арчазорлар, 2000 м дан юқорида кедрзорлар бор. ТелАтласдан жан. да чала чўл ўсимликлари, Сахрои Кабир қумларида шўра, эфемер ўсимликлар ўсади.

Арслон, қоплон, ғизол, туяқуш, бакланнинг кўпи қириб юборилган. Шимолий Жазоирда маймун, тўнғиз, қуён, Саҳрои Кабирда сиртлон, чиябўри, тулки, ғизол ва жайранлар учрайди. Кемирувчилар, йиртқич қушлар, судралиб юрувчилар, ҳашаротлар (чигиртка) ва б. кўп.

Аҳолиси асосан жазоир араблари (83%) ва барбарларпям иборат. Европаликлар ҳам бор. Шаҳар аҳолиси — 51,7%. Расмий тили — араб тилининг жазоир лаҳжаси. Араб ва барбарлар ислом динининг сунна мазҳабида. Йирик шаҳарлари: Жазоир, Оран, Константина, Аннаба.

Тарихи. Жазоир ҳудудидан топилган қуйи ва ўрта палеолит даврига мансуб тош қуроллар бу ерда 300—400 минг йил илгари ибтидоий одамлар яшаганидан далолат беради. Мил. ав. 12-а. да финикияликларнинг биринчи манзилгоҳлари пайдо бўлган. Мил. ав. 3-а. да Жазоир ҳудудида вужудга келган Нумидия давлатида шаҳарлар қурилган, деҳқончилик ривожланган. Кейинчалик у Римнинг бир вилоятига айланиб қолган (мил. ав. 46 й.).

Римликлар ҳукмронлиги вактида лотин тили, 2-а. дан христиан дини тарқалди. 5-а. да Жазоир худудини вандамар, 6-а. да византияликлар эгаллаган. 7-а. да Жазоир Араб халифалиги таркибига қўшиб олинди. Барбарлар ислом динини қабул қилди. 8-а. га келиб, Мағрибда бир неча султонликлар Араб халифалигидан ажралиб чиқди. Булардан энг йириги хорижийлар имоматлпгп эди. Кейинчалик бу ерда фотимийлар, зиёрийлар, хаммодийлар давлати вужудга келди. 11-а. да икки йирик араб қабиласи (Бану Ҳилол ва Бану Сулаймон)нинг Жазоирга кириб келиши араблаштиришни тезлаштирди. Мамлакатнинг ғарбий қисмида Ал-Муробитун, кейинчалик Ал-Муваҳҳидун давлати пайдо бўлди.

16-а. бошларида Жазоирнинг қирғоқбўйи шаҳарларини испанлар босиб олди. Жазоир заминдорлари мамлакатни ҳимоя қилишда «денгиз қароқчилари» деб ном чикарган ака-ука Барбароссааан ёрдам сурашди. Лекин Хайруддин Барбаросса (1519—46 й. лар xукмронлик қилган) ҳарбий тартиб ўрнатиб, ўзини турк султонининг ноиби деб эълон қилди. 16-а. нинг 2-ярмида Ж. Усмонли турк салтанатининг пошолиги (вилояти)га айлантирилди. Юқори табақа вакиллари томонидан сайланган дей (йўлбошчи) Бобо Али туркларга бож тўламай, мустақил бўлиб олди (1711). Европа давлатлари Жазоир мустақиллигини тан олиб, у билан шартнома туза бошладилар. Лекин французлар дей армиясини енгиб (1830), мамлакат пойтахти — Жазоирни эгаллади. Мамлакат ичкарисида амир Абдулкрдир бошчилигидаги кабилалар французларга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Лекин бу ҳаракат бостирилди. Франция ҳукумати европаликларга Жазоир ерларидан фойдаланишга рухсат берди. Мамлакатда европалик ишчилар, хизматчилар ва зиёлилар сони орта бошлади. Аммо маҳаллий аҳолининг сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва европаликлар тузган ташкилотларга аъзо бўлиши ман қилинган эди. 20-а. бошларида ёш жазоирликлар ҳаракати бошланди. Бу ҳаракат қатнашчилари жазоирликларга Франция фуқароларининг сиёсий ҳуқуқлари берилишини талаб қилдилар. 1-жахрн уруши йилларида жазоирликлар Франция армиясига сафарбар қилинди, бу эса маҳаллий аҳоли норозилигини янада кучайтирди. Мустамлакачилар ҳукумати озодлик ҳаракати тазйиқи остида айрим жазоирликларга (сармоядор, мансабдор ва ер эгаларига) ўзини ўзи бошқариш органларига сайловда иштирок этишларига розилик берди (1919). 1926 й. Франциядаги жазоирлик ишчиларнинг кўпчилиги «Шимолий Африка юлдузи» номли миллий инқилобий ташкилотга бирлашди. Лекин бу ташкилот 1929 й. дан Парижда, 1936 й. дан Жазоирда яширин ишлашга мажбур бўлди. 1931 й. тузилган Уламолар уюшмаси маданият ва таълимнинг араб тилида олиб борилишини талаб қилиб чиқди. Натижада маҳаллий аҳоли бирмунча сиёсий эркинликларга, сиёсий партиялар ва касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ҳуқуқига эга бўлди. Сиёсий ташкилотлар Жазоирни тинч йўл билан демократлаштириш тарафдорлари ташкилоти — Мусулмонлар Конгресси (1936 й. тузилган)га бирлашди. Аммо 2-жаҳон уруши бошланиши билан мамлакатда реакция кучайиб, бир неча партиялар фаолияти тақиқлаб қўйилди. Мамлакатда ишсизлар тобора кўпайди. Бу эса мустамлака тузумига карши норозиликни янада кучайтирди. 1947 й. Ж. нинг тоғли жойларида партизан отрядлари (фидойилар) пайдо бўлди. 1954 й. мартда «Бирликда ҳаракат қилиш инқилобий қўмитаси» тузилиб, кейинчалик у Миллий озодлик фронти (МОФ)га айлантирилди. МОФ секин-аста қуролли қўзғолонга тайёрланди. 1954 й. 1 нояб. да қўзғолон бошланди. Франция ҳукумати қўзғолонни бостириш учун Жазоир даги армиясининг сонини кўпайтирди. Ж. Миллий озодлик армияси (ЖМОА, 1954 й. тузилган) барча ватанпарварлар билан бирлашиб, мустамлакачиларга қаттиқ қаршилик кўрсатди. 1958 й. да ЖМОА раҳбарлари б-н Марокаш ва Тунис ҳукмрон партиялари вакиллари иштирокида Танжер ва Тунис ш. ларидаги анжуманда тузилган Ж. Республикасининг Муваққат ҳукуматини Осиё ва Африканинг кўпгина давлатлари тан олди. Жазоир даги миллий озодлик курашини бостира олмаган Франция хукумати ён беришга мажбур бўдди. 1962 й. 18 мартда Эвиан ш. да тузилган шартномага мувофиқ уруш ҳаракатлари тўхтатилиб, Франция Жазоирдан ўз армиясини, Саҳрои Кабирдан ҳарбий базаларини олиб кетди. 1962 й. ўтказилган сайловда Ж. Халқ Демократик Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. Республиканинг биринчи ҳукуматини Ахмад Бин Белла бошқарди.

1963 й. авг. конституциясига биноан президентлик ва якка партиялик тизими жорий қилиниб, Аҳмад Бин Белла президент деб эълон қилинди. Шундан сўнг тескаричи кучлар қўзғолон уюштирди ва бу қўзғолон вақти-вақти билан 1965 й. гача давом этди.

Аграр ислоҳот ўтказилишининг чўзилиб кетиши, мамлакатда ишсизлик кўплиги натижасида аҳоли ўртасида ҳукуматга қарши норозилик пайдо бўлди. 1965 й. 19 июнда армия Бин Беллани ҳокимиятдан четлатди. Ҳокимият Инқилобий Кенгаш қўлига ўтди ва Хуари Бумиддин раҳбарлигида янги ҳукумат тузилди. Инқилобий Кенгаш Американинг нефть трестлари устидан назорат ўрнатди (1967), Франциянинг 12 банкидан 11 тасини (1968) ва чет эл (асосан Франция) саноат компанияларини давлат ихтиёрига олди. 1979 й. дан буен президент лавозимини эгаллаб келган Ш. Бинжадид 1992 й. да истеъфога чиқди. 1995 й. 16 нояб. да ўтказилган сайловда Лиамин Зеруал, 1999 й. 15 апр. да ўтказилган сайловда Абдулазиз Бутефлика президент этиб сайланди.

Жазоир — 1962 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1992 й. 30 июнда ўрнатган. Миллий байрами — 1 нояб. — Инқилоб куни (1954).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. 1989 й. гача Миллий озодлик фронти мамлакатдаги бирдан-бир партия эди. Ўша йили бошқа партияларнинг фаолиятига ҳам ижозат берилди. Асосий партиялари: Миллий озодлик фронти, 1954 й. тузилган; Социалистик кучлар фронти; 1963 й. да тузилган; Маданият ва демократия учун бирлашма, 1989 й. да асос солинган; Жазоир байроғи. Миллий демократик бирлашма, 1997 й. да тузилган; «АнНахда» ҳаракати, 1990 й. да ташкил этилган; Ислом нажот фронти, 1989 й. да асос солинган; Тинчлик учун курашувчи жамият ҳаракати, 1990 й. да тузилган, 1997 й. гача Ислом жамияти ҳаракати деб аталган; Миллий ислоҳотлар ҳаракати, 1999 й. да асос солинган. Жазоир меҳнаткашлари умумий иттифоқи касаба уюшмаси 1956 й. да тузилган, Африка касаба уюшмалари бирлиги ташкилоти ва Араб касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси аъзоси.

Хужалиги. Жазоир — саноати (хусусан кон саноати) нисбатан ривожланган аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши — 37,7%, қ. х. нинг улуши — 14,9%. Ж. Африка мамлакатлари ичида табиий газ чиқариш, узум етиштириш ва вино тайёрлашда, нефть қазиб олиш, буғдой, арпа етиштириш ва зайтун мойи тайёрлашда, цитрус мевалари етиштиришда етакчи ўринда туради. Жазоир мустақилликка эришгандан сўнг иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантириш йўлига ўтди. Иқтисодиётда давлат сектори устун мавқени эгаллайди (ялпи ички маҳсулотнинг салкам 80%). Аммо давлат корхоналарининг аксарияти ўз қувватининг 40—50% атрофида ишлайди. Енгил ва озиқ-овқат саноатида хусусий сармоя устун — 70 — 90%, қурилишда 60%, хизмат кўрсатиш, улгуржи ва чакана савдода 80% гача.

Саноатда нефть (йилига ўртача 35 млн. тонна), газ (163 млрд. м3), темир рудаси, фосфат ва рангли металлар қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш етакчи тармоқларга айланган. Темир ва қўрғошин рух рудалари, тошкўмир, бирмунча миқдор мис рудаси ҳам қазиб олинади. Бир йидда 17,3 млрд. кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Маҳсулот и. ч. саноати металлургия, машинасозлик, нефтни қайта ишлаш, кимё ва электротехника тармоқлари, қ. х. хом ашёсини қайта ишлаш корхоналаридан иборат. Озиқ-овқат, айниқса виночилик, тамаки, консерва саноати, зайтун ёғи и. ч. ривожланган. Тўқимачилик, металл ишлаш корхоналари бор.

Қишлоқ хўжалиги нинг асосий тармоғи — деҳқончилик. Буғдой, арпа, шоли, жавдар, маккажўхори ва б. дон экинлари экилади. Аммо табиий шароитлари ғоят қулай бўлишига қарамай, қ. х. мамлакат озиқ-овқат эҳтиёжининг атиги ‘/3 қисмини таъминлайди. Йилига донли экинлар ҳосили 4—5 млн. тоннани ташкил этади. Жазоирда сабзавот ва мевалар ҳам етиштирилади. Воҳаларда токзор, зайтунзор ва хурмозорлар бор. Жазоирда қорамол (1,5 млн. га яқин), қўй (15 млн.), эчки, туя боқилади. Балиқчилик ривожланган. Пўкакбоп дуб пўстлоғи, энг яхши нав қоғоз и. ч. да ишлатиладиган альфа ўти (дунёда 1-ўрин) териб олиш йўлга қўйилган. 1980-й. лар охиридан мамлакатда хўжаликни бозор иқтисодиёти изига кўчиришга киришидди. Ислоҳот доирасида давлат хўжаликларининг мустақиллиги кенгайтирилди, уларнинг бир кисми акциядорлик жамиятларига айлантирилди ва хусусий кишилар қўлига берилди. Хорижий сармояни фаол жалб этиш сиёсати олиб борилди. Аграр ислоҳaт ўтказилиши натижасида социалистик типдаги давлат хўжаликлари тарқатиб юборилди ва улар ўрнида 22 мингга яқин майда коперативлар тузилди. Ерларнинг бир қисми яккаҳол деҳқонларга топширилди. Транспортида т. й. муҳимаҳамиятга эга (4,3 минг км, шундан 240 км электрлаштирилган). Асосий т. й. магистрали Ужда (Марокаш) — Оран — Жазоир — Константина — Гардимав (Тунис). Автомобиль йўлларининг уз. 88 минг км. Асосий магистраль соҳил бўйлаб кетган. Нефть ва газ қувурлари бор. Денгиз транспорти ташки савдо учун хизмат қилади. Муҳим денгиз портлари: Жазоир, Оран, Аннаба, Бажоия, Арзев. Ҳаво транспорти ривожланган. 31 та аэродром бор. Халқаро аҳамиятга эга аэропортлари Жазоир, Аннаба ва Оран ш. ларида.

Жазоир четга нефть, газ, вино, цитрус маҳсулотлари, тамаки, пўкак, қоғоз ва б. чиқаради. Четдан машиналар, саноат ускуналари, озиқ-овқат (дон, сут, гўшт), кийим-кечак ва б. келтирилади. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: АҚШ, Франция, Германия, Италия, Япония. Пул бирлигидинор.

Соғлиқни сақлаш. 1974 й. дан мамлакатда бепул тиббий хизмат жорий этилган. 40 мингдан ортиқ ўринли 200 га яқин касалхона ва тиббий муассаса бор. Мамлакатда 7,6 минг шифокор ишлайди. Шифокор ва доришунослар Жазоир унтида тайёрланади. Ўрта малакали тиббий ходимларни 20 тиббиёт мактаби етиштириб чиқаради. Ун-тларнинг тиббиёт ф-тларида, соғлиқни сақлаш, гигиена, тропик офтальмология, стоматология илмий тадқиқот ин-тларида тиббиётга оид илмий тадқиқотлар олиб борилади. Маорифи, маданиймаърифий ва илмий муассасалари. Жазоир мустақилликка эришгач, маориф соҳасида катта ютуқларга эришилди. 7 та ун-т, 170 та бошқа олий ўқув юртлари, 700 та ҳунар-техника таълими марказлари бор. Мамлакатдаги умумтаълим мактабларида 260 мингдан ортиқ ўқувчи, олий ўқув юртларида 200 минг талаба таълим олади. Энг йирик кутубхонаси — Жазоир ш. даги Миллий кутубхона (1 млн. га яқин асар). Йирик музейлари — Ж. Миллий музейи (1930), Антик дунё ёдгорликлари миллий музейи (1897) ва б. Асосий илмий муассасалар Жазоир ш. да. Ядро тадқиқот ин-ти (1966), Океанография ин-ти, Астрономия, астрофизика ва метеорология расадхонаси, Биокимё инти мавжуд. Тиббиёт муаммолари билан Ракка қарши марказ, Пастер ин-ти (паразитология ва микробиол.), гигиена, трахома ва тропик офтальмология, стоматология ин-тлари шугулланади. Ветеринария, виночилик технологияси, чигирткага қарши кураш муаммолари Миллий агрономия ин-тида ўрганилади. И. т. ларни ривожлантириш ва кадрлар тайерлашда Жазоир ун-ти ва унинг Оран ҳамда Константинадаги филиаллари етакчи роль ўйнайди. Турли соҳа мутахассислари Жазоир ш. даги махсус мактаблар (политехника, пед., журналистика, савдо ва б.) да тайёрланади.

Матбуоти, радио эшиттириши ва телекўрсатуви. Асосий газ. ва жур. лари: «Ал-Мужоҳид» («Курашчи», 1963 й. дан араб тилида ва 1965 й. дан француз тилида чиқадиган газ.), «Аш-Шааб» («Халқ», 1962 й. дан араб тилида чиқадиган газ.), «Революсьон африкэн» («Африка инқилоби», 1963 й. дан француз тилида чиқадиган жур.), «Революсьон э травай» («Инқилоб ва меҳнат», 1963 й. дан француз ва араб тилида чиқадиган ойлик жур.), «Альжери—актюалите» («Жазоир — сўнгги хабарлар», 1965 й. дан француз тилида чиқадиган газ.), «Ал-Жумҳурия» («Республика», 1963 й. дан араб тилида чикадиган газ.,), «Журнал офисьел де ла Репюблик Альжерьен Демократик э Попюлер» («Жазоир Халқ Демократик Республикасининг расмий газетаси», 1962 й. дан француз ва араб тилларида чиқади). Жазоир расмий ахборот агентлиги — Альжери ПрессСервис 1961 й. да тузилган. Жазоир радиотелевидениеси 1962 й. дан ишлайди. Радиоэшиттирув араб, кабил, француз тилларида, телекўрсатув араб ва француз тилларида олиб борилади. Адабиёти араб, кабил ва француз тилларида. Араб ва кабил тилларидаги адабиёт испан ва турк мустамлакачиларига карши кураш даври (16 — 18-а. лар)да юзага келган. 19а. адабиётида Жазоирда миллатларнинг шаклланиши ва француз мустамлакачиларига тобе бўлиб қолиш жараёни акс этди. Халқ оғзаки ижоди ривожланди. 20-а. да мустамлакачиларни фош этувчи асарлар пайдо бўлди. «Халқнинг диний шеърият хазинаси» тўплами араб тилида биринчи бор нашр этилди (1928). Араб сўзлашув тилининг Жазоир лаҳжасида яратилган ҳамда табақачилик сарқитлари ва мустамлакачиликни қораловчи драма асарлари, новеллалар катта муваффақият қозонди. 2-жаҳон урушидан кейинги давр адабиётида хотин-қизлар эркини ҳимоя қилиш Аҳмад Ридо-Ҳухунинг «Маккалик қиз» романида, Жазоир халқининг келажак учун олиб бораётган қаҳрамонона кураши Мустафо ал-Ашраф ва Абдуллоҳ Нақлий драмаларида ўз ифодасини топди. Муфди Закария ёзган миллий мадҳия (1958) инқилобий руҳ билан суғорилган.

Француз тилидаги адабиёт 20-а. нинг 20-й. ларида шаклланди. У дастлаб турмушнинг турли кўринишларини, 2-жаҳон уруши арафасида ва ундан кейин маҳаллий халқ онгининг ўсиб боришини акс эттирди. 50—60-й. ларда Жазоир ватанпарварларининг француз қамоқхоналарида азоб чекишини кўрсатувчи асарлар яратилди (Мезиан Нуриддиннинг «Гангрена», Анри Аллегнинг «Асирликдаги жангчилар» ва б.). 1963 й. Ж. Ёзувчилар уюшмаси тузилди, 1964 й. дан «Новомбр» («Ноябрь») адабий жур. чиқа бошлади.

Жазоир адабиётининг энг яхши намуналари (Муҳаммад Дибнинг «Катта хонадон» романи ва б.) ўзбек тилига таржима қилинган. Меъморлиги. Денгиз бўйларида Финикия, Рим, Византия даврига оид ибодатхона, театр, зафар тоқи, кўприк, ҳаммом, бозор, турар жой харобалари, Гиппон, Картенна ва Тимгад шаҳар қолдиқлари сақланиб қолган. Ўрта аср шаҳар кўчалари қинғир-қийшиқ, тор бўлиб, уларда арк («касба»), масжид, Мадраса, раста ва саройлар (Қалъа-БениҲаммаддаги мажмуа) кўплаб қурилган. 10-а. даЖазоир ш. га, 12 — 13-а. ларда Тлемсен ш. га асос солинди. Жазоир ва Константинада турк ҳокимларининг 16—18-а. ларга оид сарой ва боғлари сақланган. Турар жойлар шаҳарда 2—3 қаватли қилиб ғиштдан, қишлоқда бир қаватли қилиб лойгуваладан (томлари текис қилиб) солинган. 1930 й. дан Жазоир, Оран, Ан-наба каби шаҳарларда Европа меъморлиги (М. Корбюзье ғояси) таъсирида кўп қаватли уй-жой ва жамоат бинолари қурилди. Жазоир мустақилликка эришгач, маъмурий бинолар, ун-т мажмуаси (меъмори О. Нимейр), мактаб ва турар жойлар қуриш тезлашди.

Тасвирий санъати. Жазоир ҳудудидан неолит даврига хос қояларга ишланган одам ва жонивор тасвирлари, ов ҳамда маросим манзаралари ва б. расмлар, римликлардан қолган мозаика қолдиқлари топилган. Ўрта аср иншоотлари (12—13а. масжидлари) ганч ўймакорлиги ва кошинкорлик билан зийнатланган. Жазоир замонавий тасвирий санъати француз рассомлари иштироки ва таъсирида ривожланган. Жазоирлик мўйқалам усталари орасида ака-ука Муҳаммад ва Умар Расимлар, Темам Ранем, X. Бенанбур, М. Бузид, М. Алдан машҳур. 20-а. нинг 20—30-й. ларига келиб тасвирий санъатда маҳаллий рассомлар ижоди устунлик қила бошлади. 60—90-й. ларда баъзи рассомлар реалистик мавзуда, айримлари эса абстракт услубда ижод қилди. Қад. амалий безак санъати (кандакорлик, ўймакорлик, тўқимачилик, кулолчилик, заргарлик) анъаналари замонавий руҳда ривожланаётир. Маҳаллий меъморлар, рассом, ҳайкалтарош ва амалий санъат усталари Жазоир ш. даги Миллий меъморлик ва нафис санъат мактабида (1881 й. асос солинган) тарбияланади.

Мусиқаси араб мусиқасининг маҳаллий-ҳудудий услубларидан бири бўлиб, 7—8-а. ларда умавийлар, 10-а. да Андалусия (араб Испанияси), 15—16-а. лардан бошлаб турк мусиқа анъаналари таъсирида шаклланган. Кўчманчи ва ўтроқ жазоирликлар мусиқа фольклорида туя боқувчиларининг қўшиклари — «ҳуда», тўй маросим қўшикларидан «зажал», лирикишқий — «лаяли», «маввал», диний айтимларидан «риса», «зикр» маросим туркуми, «ағани рамазон», «ағани мавлуд» қўшиқлари, мумтоз ашула — «муашшах» ва б. вокал жанрлар кенг тарқалган. Жазоир анъанавий касбий мусиқанинг асосий жанри — нуба туркуми 8—9-а. лардан таркиб топган бўлиб (машҳур бастакор, хонанда ва созанда Зирёд мактаби), ҳар бир нуба 5 асосий қисм (Бтайхи, Мсаддар, Башраф, Дарж, Инсираф ёки Хлас)дан иборат. Жазоир мумтоз мусиқасида 3 маҳаллий услуб фаркланади: Жазоир (пойтахт, марказий), Тлемсен ва Кустантания (Константина). Кустантания нуба туркуми энг қад. ҳисобланади ва яратилган жойига нисбатан «алҚарнатия» (Гренада) деб ҳам аталади. Нуба туркуми таркибида расд (рост), нава (наво), чарка (чоргоҳ), ирак (ироқ), сика (сегоҳ), ҳсин (ҳусайний) каби ўзбек мақомларига номдош нубалар мавжуд. Нуба ижрочилигида торли чолғулардан уд, камонли рабоб, қонун, пуфлама чолғулардан — най, урма чолғулардан — дарбукка, тор, дафф ва наққора, 20-а. дан бошлаб (турк маданияти таъсирида) европа созлари (скрипка, альт, виолончель, кларнет) ҳам кенг қўлланилади. Анъанавий мумтоз ва халқ мусиқа жанрлари ўзаро яқинлашуви туфайли 20-а. дан янги оммабоп мусиқа услуби тараққий этди. Созанда ва бастакор Ҳожи Муҳаммад ал-Анқо бу услубнинг ёрқин намояндасидир. Хонандалардан Зерок Муҳаммад, Муҳаммад Тобил, Марям Вафо, созандалардан Бин Ҳамза, Саад, Билқосим, Халфалар машҳур. Жазоир ш. да Миллий мусиқа ин-ти мавжуд.

Театри. Жазоир халқининг қад. ўйинлари, диний маросимларида театр санъати нишоналари бўлган. Биринчи Жазоир театр труппаси (араб тилида) 20-а. нинг 20-й. ларида ташкил топган. Унинг асосчиси — 100 дан ортиқ пьеса ёзган драматург, актёр ва реж. Р. Ксентини. Унинг «Бу-Борма», «Истанбулдаги амаким», «Зед-Алех» ва б. пьесалари машҳур. Ксентинининг издоши Б. Муҳиддиннинг «Хоинлар», «Хушомадгўйлар қабиласи» пьесаларида озодлик ғоялари кўтарилди. Муҳиддин труппаси А. Накли, Мольер, Софокл ва Ибсенларнинг асарларини саҳналаштирди. Кўп актёрлар Миллийдемократик инқилоб (1954)да қатнашдилар ва кейинчалик чет эл (Тунис)га ўтиб кетишга мажбур бўлдилар. Улар Тунисда бадиий даста туздилар. Мамлакат мустақилликка эришгач, 1962 й. да шу даста асосида актёр ва реж. М. Котиб бошчилигида Жазоир миллий театри ташкил этилди.

Киноси. Миллий кинематография Миллий-демократик инқилоб даври (1954—62) да юзага келди. 1957 й. миллий озодлик фронти кинематографияга тайёрлов мактабини очди, 1961 й. эса муваққат инқилобий ҳукумат махсус кино бўлимини ташкил этди. Бу ташкилотлар озодлик учун курашга бағишланган бир қанча ҳужжатли ва ташвиқий фильмлар и. ч. га шароит яратди. 1962 й. дан Жазоир кинематографияси анча кенгайиб, бадиий фильмлар ҳам ишлаб чикарила бошлади. 1967 й. Миллий кинематография савдо ва саноати бошкармаси (1974 й. Ж. хроника хизмати билан бирлаштирилган) ташкил этилган. «Жазоир шахри учун кураш», «Ауресдан эсган шамол», «Оловли йиллар солномаси», «Декабрь», «Қочқин», «Сир калити», «Мерос», «Биринчи қадам», «Келин» каби ленталар Жазоир кинематографиясининг энг яхши фильмларидир. Уларда озодлик ҳаракати тарихи, долзарб ижтимоий-сиёсий масалалар, хотин-қизлар озодлиги муаммолари кўтарилган.

Ўзбекистон — Ж. муносабатлари. Икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлиги ва савдо-сотиқ алоқалари эндигина йўлга қўйила бошлади. Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 2000 й. да 1,3 минг АҚШ долларини ташкил этди. ЎзРда жазоирлик сармоядорлар иштирокидаги 2 корхона ташкил этилган. ЎзР билан Жазоир ўртасида имзоланган «Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳужжат»га қўшимча равишда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестицияларни ўзаро ҳимоялаш ва рағбатлантириш, иккиёқлама солиқ солинишига йўл қўймаслик, бож иши соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам ҳақида битимлар тайёрланаётир.

Loading...