Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАСИ

ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАСИсуд ҳукмига биноан белгиланган жазоларни ижро этувчи муассасалар ва органлар. Жазоларнинг турларига қараб бу жазоларни ижро этувчи орган ва муассасалар бир-биридан фарқ қилади. Ўзбекистон Республикаси ЖИКга биноан, жарима тариқасидаги жазо суд томонидан, озодликдан маҳрум қилиш, қамоқ, ахлоқ тузатиш ишлари, ўлим жазоси ички ишлар органлари томонидан ижро этилади. Озодликдан маҳрум қилиш — Ички ишлар вазирлиги қошидаги жазоларни ижро этишнинг бош бошқармаси ташкил қиладиган жазоларни ижро этиш колониялари, турма қамоғи ва тарбия колониялари томонидан, қамоқ жазоси — қамоқ уйлари ва тергов изоляторлари томонидан, ахлоқ тузатиш ишлари — ички ишлар органларининг инспекциялари томонидан ижро этилади. Ахлоқ тузатиш ишларини ижро этишда корхона ва ташкилотлар маъмурияти ёрдам беради. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукм талаби — маҳкумнинг иш жойидаги маъмурият томонидан, шунингдек, тегишли фаолият турлари билан шуғулланишга берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли органлар томонидан ижро этилади. Ҳарбий хизматчиларга нисбатан: хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазо — улар хизматни ўтаётган жойдаги ҳарбий қисмлар (муассасалар)нинг қўмондонлиги томонидан; қамоқ тариқасидаги жазо — гарнизон гаупвахталари томонидан; интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазо — махсус ташкил этилган ҳарбий қисмлар томонидан; ҳарбий ёки махсус унвондан махрум қилиш — мазкур унвонни берган орган томонидан ижро этилади. Бундан ташқари тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан мажбурлов чораларини қайси муассасалар қай йўсинда ижро этиши ҳам белгилаб қўйилган (Ўзбекистон Республикаси ЖИК, 15-модда).

Баҳром Аҳроров.