ЖАЗОНИ ОҒИРЛАШТИРУВЧИ ҲОЛАТЛАР — содир этилган жиноятнинг ва жиноят содир этган шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасини оширувчи ҳамда оғирроқ жазо тайинлашга асос бўладиган ҳолатлар. Ўзбекистон ЖК (56-модда)да Жазони оғирлаштирувчи ҳолатларнинг қатъий рўйхати берилган, суд жазо тайинлаш вақтида мазкур моддада кўрсатилган ҳолатлардан бошқа ҳолатларни Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблашга ҳакли эмас, лекин жиноят хусусиятини эътиборга олиб, шу ҳолатларни Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топмаслиги ҳам мумкин. Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар жиноят таркибига кирувчи белги бўлмай, жиноят таркибидан ташқаридаги ҳолат ҳисобланади. Шу сабабли бундай ҳолатлар жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди, балки айбдор қилмиши квалификация қилинган моддада кўзда тутилган жазонинг оғирроқ турини ёки кўпроқ қисмини тайинлашга асос бўлади.