
ЖЕНЕВА
ЖЕНЕВА — Швейцариянинг жан.ғарбидаги шаҳар. Женева кантонининг маъмурий маркази. Женева кўлининг жан.-ғарбий соҳилида, 372 м баландликдаги хушманзара ерда жойлашган. Кўлдан оқиб чиқадиган Рона дарёси шаҳар ўртасидан ўтган. Иқлими юмшоқ, йиллик ёғин 1000 мм чамасида. Аҳолиси 172 минг киши, шаҳар атрофи билан 390 минг (1998).
Женева (лот. Genava) дастлаб Юлий Цезарь томонидан мил. ав. 1-а. да тилга олинган. Савдо йўллари чорраҳасида жойлашганидан шаҳарнинг иқтисодий мавқеи кучайиб борди. 14—15-а. ларда ўзининг ярмаркалари билан машҳур эди. 16-а. дан Швейцария таркибидаги иттифоқдош ер; Кальвин даврида (16-а.) реформация маркази бўлган. 16 — 17-а. ларда Женевада саноат, жумладан соатсозлик ривожланди. 1798—1814 й. ларда Франция таркибида бўлди. 1815 й. дан Швейцариянинг 22-кантони. Женева — бир қанча халқаро ташкилотлар, жумладан, Миллатлар Лигаси (1919—39), Қизил Крест органлари, БМТ турли бўлимларининг доимий қароргоҳи. Женевада халқаро конгресслар, конференциялар, кўргазмалар ва фестиваллар ўтказилиб турилади. Курорт шаҳар, чет эл туризмининг марказларидан.
Женева — транспорт йўллари тугуни, кўл порти. Йирик аэропорт бор. Мамлакатнинг муҳим сиёсий, саноат ва савдо молия марказларидан. Заргарлик бутомлари, аниқ механика (соатлар, геодезия асбоблари, аниқ аппаратура ва б.), станок созлик, электрон техника, машина созлиги, двигателлар и. ч., фармацевтика, парфюмерия, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Ун-т ва б. олий ўқув юртлари, театрлар, музейлар бор. Женеванинг кад. қисми Ронанинг сўл соҳилида жойлашган. Меъморий ёдгорликлардан Сен-Пьер собори (12 — 18-а. лар), Сент-Мари-Мадлен ва Сен-Жермен (14-а.) черковлари (14—15-а. лар), ратуша (15-а.), Энар саройи (1817—21), Уйғониш даври ва мумтоз қўшқлар (17—19-а. лар) сақланган. Янги шаҳар қисмида Миллатлар саройи, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) биноси ва б. замонавий иншоотлар жойлашган.