ЖЕЗ ДАВРИ

ЖЕЗ ДАВРИ (мил. ав. 2 — 1-минг йиллик) — ибтидоий жамоа даврида жездан меҳнат қуроллари ишланган тарихий босқич. Ибтидоий одамлар бир неча юз ва минг йиллар давомида меҳнат қуролларини фақат тошдан ясаб келдилар. Мил. ав. 4-минг йилликнинг бошларига келиб, айрим жойларда (Ўзбекистoн ерларида мил. ав. 3-минг йиллик охири — 2-минг йилликда) турли зеб-зийнат безакларини, баъзи меҳнат қуролларини мисдан ясай бошлайдилар. Бу даврда мисдан ясалган меҳнат қуроллари мўрт ва юмшоқ бўлганлигидан мустаҳкамроқ қотишма олиш учун изланиш давом этган ва маълум даврдан сўнг қалайни мисга қориштириб жез (бронза) кашф этилди. Натижада меҳнат қуролларининг тури кўпайди, жездан кескирроқ тиғли қурол-яроғлар, рўзғор ва косметика буюмлари, маъбудалар, нақшдор муҳрлар ясала бошлади. Овчилик ва теримчилик ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда ўзининг дастлабки аҳамиятини йўқотди. От, эшак, туя ва ҳўкиздан транспорт воситаси сифатида фойдаланилди. Ҳайвонларга қўшиладиган аравалар вужудга келди.

Бу даврда хўжаликнинг, асосан, яйлов чорвачилиги ва деҳқончиликка асосланган и. ч. шакли қарор топди. Амударё ва Зарафшоннинг қуйи қисми, Фарғона водийсининг шим.-шарқий қисми ва жан. Сурхон воҳаси табиий географик жиҳатдан қад. деҳқончиликнинг келиб чиқиши ва ривожланиши учун қулай бўлган. Атрофдаги чўл ва даштларда, асосан, чорвадор қабилалар яшаган. Бу даврда Ўзбекистoн жан. ва Афғонистон шим. да ривожланган Бақтрия (Амударё бўйи) деҳқончилик маданияти вужудга келди. Ўзбекистонда учта асосий деҳқончилик воҳаси — Шеробод, Шўрчи ва Бандихон шаклланган. Бу жойларда қад. илк шаҳар маданияти шакллана бошлаган. Жез даврига мансуб Сополлитепа, Миршоди, Мўлали, Жарқўтон каби уруғ жамоасининг турар жойлари — қишлоқ қўрғонлари, илк шаҳарлари ва қабрлар топилган. Уларнинг баъзилари қалъали, мустаxкамланган ва айримлари мустаҳкамланмаган. Деҳқонлар воҳаларда буғдой, арпа, сули, пахта етиштирганлар. Уйлардан дон омборхоналари, ёрғучоқлар, кетмонча, ҳовонча дасталари топилган. Кулолчиликда чархдан фойдаланганлар. Сополлитепадан топилган ашёлар аҳолининг ўша даврдаги ҳунармандчилиги, турмуши, санъати ҳақида бой материал берди. Бу ерда мураккаб ва ўзига хос 3 қаторли мудофаа девори бўлган, майдони қарийб 1 га квадрат шаклдаги қўрғон қазиб очилди. Қўрғондаги маҳаллалар кўчалар билан бўлинган. Уйларда мўрили ўчоқ, айрим хоналарда сандал ўрни, ганч сувоқ қолдиқлари топилди. Топилмалар ҳунармандчилик, хусусан, металлургия (меҳнат ва мудофаа қуроллари, идишлар, безак, кўзгу), кулолчилик, тўқимачилик (ип ва ипакдан тўқилган мато qoлдиқлари), ёғочсозлик (қурилиш конструкциялари, уй жиҳозлари) ва б. юксак ривожланганлигини кўрсатди. Қалъада 20 дан зиёд кулолчилик хумдони очиб ўрганилди. Кулолчиликда юқори сифатли нафис идишлар (қадаҳ, кўза, хум, чойнак, пиёла, коса, лаган ва ҳ. к.) тайёрланган.

Хоразмда мил. ав. 2-минг йилликнинг 2-ярмида Жез даврининг Тозабоғёп маданияти мавжуд бўлган. Бу маданият Бургут щалъа воҳасидаги Тозабоғёп канали яқинидан топилган. Деҳқончилик ва ирригация тармоқлари анча ривожланганлиги билан фарқ қилади (Онгқа-2, Қават-3 маконлари, Кўкча-3 ва б. мозорқўрғонлар). Аҳоли, асосан, чўл, зоналарида томи қамиш билан ёпилган кулба ва ярим ертўлали чайлаларда яшаган, хонаки чорвачилик, захкаш ва нам ерларда обикор деҳқончилик билан шуғулланган. Бу даврда металл қуйиш техникаси юксак бўлган. Ясси тубли чизма бошоқсимон нақшланган идишлар топилган. Жез металлургияси кенг ривожланган. Хоразмда сўнгги жез — илк темир даврига Сувёрган (мил. ав. 2-минг йиллик) ва Амиробод (мил. ав. 1-минг йиллик боши) маданиятлари мансуб. Сувёрган маданияти қабилалари ёғоч устунли тўғри бурчакли чайлаларда яшаган. Ўчоқ атрофидан сирти қизилга бўялган сопол идишлар топилган. Топилмалар ичида микролитлар кўп учрайди. Бу маданият 3 босқични (Қамишли, Бозор, қалъа, Қовунчи) ўтган. Уруғ жамоалари овчилик, подачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган. Ижтимоий ҳаётда дастлаб она уруғи анъaналари кучли бўлган, лекин кейинги икки босқичда эркакларнинг жамоадаги мавқеи ортган. Аёллар эрларга иқтисодий жиҳатдан карам бўла борди. Катта оила жамоаларида ота ҳуқуқи қарор топиб мустаҳкамланди. Энди қариндошлик отага қараб белгиланди, уруғлар ичидаги муносабатлар отанинг иқтисодий ва қуқуқий ҳукмронлиги асосида қурилиб, болалар ота мулкига меросхўр бўла бошлади. Амиробод маданияти одамлари ярим ертўла уйларда яшаган, уйларнинг марказида катта ўчоқ бўлган. Сопол идишлари таги ясси, дағал ишланиб, бошоқсимон нақш берилган. Аҳоли уруғ жамоаларига бирлашиб деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Суғориш тармоқлари яхши ривожланган. Яккапорсон-2 дан жез игна, ўроқ, суяк дастали бигиз, ўқ-ёй пайконлари топилган.

Фарғона водийсида сўнгги Жез даврига мансуб Чует маданияти аҳолисининг асосий машғулоти деҳқончилик, чорвачиликдан иборат бўлган. Хом ғиштдан уйлар ясалган, мудофаа иншоотлари қад кўтарган. (қ. Далварзинтепа).

Қуйи Зарафшоннинг Замонбобо маданияти сўнгги Жез даврининг Андропове маданиятита жуда яқиндир. Андроново маданиятининг юқори босқичига мансуб ёдгорликлар Хоразмда, Тошкентдаги Кўкча мозорида, Бухоро вилояти Қоракўл туманида, Ургут туманининг Мўминобод қишлоғида, Чирчиқ дарёси бўйида — Аччиқкўл ва Сергели тепаларида топилган. Тошкент воҳасида сўнгги жез — илк темир даври Бурганли маданиятида аксини топган. Бу вақтда ибтидоий жамоа даври шиддат билан емирилиб, қабилалар ўртасида дастлабки синфий муносабатлар вужудга келди.

Жуда кенг тадқиқотлар натижасида шу нарса аниқландики, мил. ав. 2-минг йилликнинг охири ва 1-минг йилликнинг биринчи чорагида Ўрта Осиё ҳудудида дастлабки қад. давлат тузилмаларининг пайдо бўлиши кузатилади. Қарнаб чўлдан шу маданиятга оид қад. маъдан конини топилиши (1999) қад. Хоразмдаги давлатчиликнинг иқтисодий негизлари кучли бўлганидан далолат беради.

Аҳмадали Асқаров, Абдулаҳад Муҳаммаджонов.

Loading...