ЖИГАР

ЖИГАР — ҳазм бези. Одам ва ҳайвонларда овқатнинг ҳазм бўлиши ва сўрилишида қатнашади, ёғ ва углеводларни захирага йиғади. Хордали ҳайвонлар ва одамда Жигар — мураккаб, хaёт учун муҳим аъзо. Балиқ ва амфибияларда Жигар судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчилардагига нисбатан каттароқ; йиртқич ҳайвонларда ўтхўр ҳайвонларникига нисбатан катта. Жигар шакли ҳайвоннинг гавда тузилишига боғлиқ.

Одамда Жигар — организмдаги энг катта без (вазни 1200—2200 г). Қорин бўшлиғида, диафрагманинг тагида, ўнг қовурғалар ва қисман чап қовурғалар остида ётади. Ранги қизғиш-қўнғир, каттароқ ўнг бўлаги билан кичикроқ чап бўлаги бор. Ўрта қисмининг пастки юзасидаги кўндаланг чуқурча Жигар дарвозаси ёки қопқаси деб аталади. Шу жойдан Жигарга артерия, дарвоза венаси, нервлар киради ва Жигарнинг ўт йўли, жигар венаси чиқади. Бу ўт йўли ўт пуфагидан чиққан йўлга қўшилиб, ўн икки бармоқ ичакка қуйиладиган умумий ўт йўлини ҳосил қилади.

Жигар организмнинг марказий биокимёвий лаб. си бўлиб, турли-туман функцияларни бажаради; Ж. бўлмаса, одам, ҳайвон яшай олмайди. Жигар бир суткада 600—700 г ўт (сафро) ишлаб чиқариб, овқат ҳазм бўлишида ва озиқ моддаларнинг ичакдан қонга сўрилишида муҳим роль ўйнайди; оқсиллар, ёғлар ва углеводлар алмашинувида қатнашади; бундан ташқари, моддалар алмашинувида ҳосил бўладиган ёки ташқаридан кирган заҳарли моддаларни зарарсизлантириб, ҳимоя функциясини бажаради. Жигарнинг махсус юлдузсимон ҳужайралари фагоцитозга ва анти-телолар ҳосил қилишга қодир. Жигар қонни йиғиб тура олади. Жигар эмбрионал ривожланишда қон элементлари ва гемоглобин ҳосил қилишда ҳам иштирок этади. Организмдаги жами қоннинг 1/5 қисми Жигар томирларига сиғиши мумкин. Қондаги ортиқча сув қисман Жигарда ажралиб чиқиб, ўт ва лимфа ҳосил бўлишига кетади. Жигар ўтни узлуксиз ишлаб, ўзининг ўт йўли орқали чиқаради; ўн икки бармоқ ичакка ўт кириши овқатланиш вақтида бошланиб, меъда овқатдан бўшамагунча давом этади. Бошқа вақтда эса умумий ўт йўлининг ҳалқасимон мускули (сфинктери) қисқариб, шу йўлнинг тешигини беркитиб туради. Жигарда ҳосил бўладиган ўт пуфагига киргач, қуюлиб қораяди, чунки ундаги сув ва қисман бошқа баъзи моддалар ўт пуфаги деворидан қонга ўтади.

Ҳазм системасидан қонга ўтган ҳамма моддалар Жигарга келиб, қисман мураккаб моддалар тузилишига сарф бўлади, қисман эса парчаланади. Mac, қон билан келган амино кислоталардан қон оқсиллари (альбуминлар, глобулинлар ва б.) ҳосил бўлади, бир қанча моддалар (фруктоза, галактоза, лактоза, глицерин) дан Жигарда глюкоза синтезланади, бундан эса гликоген вужудга келади. Гликоген Жигар ҳужайраларида захирада туради ва организм кўпроқ энергия сарфлаётган вақтда глюкозага айланиб, қонга ўтади.

Жигар пигментлар алмашинувида қатнашади; унда гемоглобин емирилади ва билирубин ҳосил бўлиб, эрийдиган ҳолга келади. Жигарда ёғсимон моддалар (липоидлар) ишланиб чиқади ва қон билан бошқа аъзо, тўқималарга бориб, моддалар алмашинувида. қатнашади. Жигарда холестерин, протромбин ва гепарин ҳам синтезланади.

Қон билан Жигарга келадиган моддалардан баъзилари организмга зарарли бўлиши мумкин. Шу моддаларни зарарсизлантириш, қисман эса ўт билан чиқариб юбориш Жигарнинг вазифасидир. Mac, қўрғошин, мишьяк ва б. заҳарли моддалар Жигарда ушланиб қолади, сўнгра безарар органик моддалар (кўпинча оқсил моддалар) шаклида организмдан чиқиб кетади. Организмда оқсиллар парчаланишидан ҳосил бўладиган аммиак, қисман сийдик кислота ҳам Жигарда мочевинага айланиб, организмдан сийдик билан чиқиб кетади (мочевина эса камроқ заҳарли ва яхши эрийдиган моддадир).

Организмда зарарли моддалар кўплаб пайдо бўлганда (мае, ҳазм аъзоларининг сурункали касаллигида, алкоголизмда) Жигар функциялари бузилади, бу эса оғир касалликларга олиб келади. Жигар касалликларидан ўткир ва сурункали яллиғланиш жараёнлари, шунингдек, паразитар касалликлар учрайди (қ. Гепатит, Жигар циррози, Эхинококкоз).

Носир Ахмедов.

Loading...