ЖИҲОД

ЖИҲОД, ғазовот (араб. — ғайрат қилиш, кучни ишга солиш) — исломда дин йўлида кураш. Дастлаб Жиҳод дейилганда исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу курашга нисбатан Қуръонда Муҳаммад (сав)нинг Макка ва Мадинада кечган ҳаёт фаолиятининг муайян шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда турлича кўрсатмалар бор:

1) кўпхудоликлар билан можарога бормаслик ва уларни оқиллик ва одоб билан ҳақиқий динга оғдириш;

2) ислом душманларига қарши мудофаа уруши олиб бориш; 3) ғайридинларга ҳужум қилиш, лекин муқаддас ойларда ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаслик.

Жиҳоднинг келиб чиқиш тарихи 624 й. бошларида юз берган воқеа — мусулмон аскарининг қурайш қабиласининг кичик карвонига ражаб ойида (4 муқаддас ойнинг бирида) хужум қилгани билан боғлиқ. Мушрик — қурайшийлар шу омилга урғу бериб, Муҳаммад (сав) ва мусулмонларни бутун Арабистон бўйлаб ёмон отлиққа чиқаришга, уларга қарши катта иттифоқ тузишга ҳаракат қилдилар. Айни шу кезларда Қуръоннинг бир неча оятлари (Ҳаж, 39; Бақара, 190; Нисо, 75) нозил бўлдики, исломда биринчи бор Жиҳодга, яъни муайян ҳолларда душманга қарши кураш олиб боришга изн (рухсат) берилди. Ёш мусулмон давлати (Мадина) ўз чегаралари дахлсизлигини мудофаа қилиш учун куч ишлатишга мажбур эди. Шу тарзда илк исломда Жиҳод Аллоҳ йўлига, ислом динини ёйиш мақсадига бутун куч ва имкониятларни сарф қилиш маъносини англатиб келган ва фақат баъзи ҳолларда ҳарбий куч ишлатишни ҳам тақозо этган. Шу маънода Жиҳодни «муқаддас уруш» деб талқин қилиш одат тусига кириб qoлган.

9—10-а. лардан Жиҳод янги мазмун билан тўлдирилди: Аллоҳ йўлида ўзни такомиллаштириш тушунчаси (яъни маънавий Жиҳод)га 4 Ж. — қилич Ж. и, қалб Жиҳоди, қўл Ж. и ва тил Ж. и ҳақидаги тасаввурлар қўшилди. Миллий озодлик ҳаракатлари даврида Жиҳод ғоясидан мустамлакачиликка қарши курашда фойдаланилди. Умуман, ҳоз. замон мусулмон назариётчилари Жиҳодни исломни тинч йўл билан ёйиш, уни ташқи тазйиқдан ҳимоя қилиш учун мусулмонларнинг куч ва ғайратларини сафарбар этиш воситаси деб таърифлайди. Мўътадил ислом (ахл ас-сунна вал жамоа) тарафдорларининг эътиқодига кўра, куч ишлатиш — «кичик Жиҳод», ҳар бир мўмин мусулмоннинг ўз нафси б-н кураши ва маънавий баркамоллик йўлидаги саъй-ҳаракати эса «буюк Жиҳод» ҳисобланади. Оят ва ҳадисларга кўра, Жиҳод ҳеч қачон бирор мусулмонга ёки мусулмонлар яшайдиган юртга қарши эълон қилинмайди.

Туркия, Кавказ ва Марказий Осиёда Жиҳод кўпроқ «ғазовот» номи билан маълум бўлган.

Аҳаджон Ҳасанов.

Next Article

ЖОГИР