ЖИНС (биологияда) — жинсий кўпайишни таъминлайдиган ҳамда эркак ва урғочи организмларни фарқ қилишга имкон берадиган белгилар мажмуи. Ҳайвонларда Жинс белгилари организмнинг морфологик, физиологик, биокимёвий хусусиятлари, мураккаб хаттиҳаракатлари ва б. орқали намоён бўлади. Жинс белгилари бирламчи ва иккиламчи бўлади. Бирламчи жинсий белгилар (жинсий безлар, жинсий йўллар ва б.) гаметалар xосил бўлиши ва уруғланишни таъминлайди. Иккиламчи жинсий белгилар (тана ўлчами ва тузилиши, боши, пат ёки жун ранги, таркиби ва б.) жинсий кўпайишда муайян аҳамиятга эга. Эркаклик жинсий безлари (уруғдонлар) сперматозоидлар, урғочилик жинсий безлари (ту-хумдонлар) тухум ҳужайралари ишлаб чиқаради. Сперматозоиднинг тухум ҳужайра билан қўшилиши туфайли зигота ҳосил бўлади. Зиготадан янги организм ривожланади. Жинсий безлар ишлаб чиқарадиган жинсий гормонлар организмнинг ривожланиши, иккиламчи жинсий белгиларнинг шаклланиши ва физиологик жараёнларнинг бошқарилишида муҳим аҳамиятга эга. Айрим жинсли организмларда урғочилик (тухум) ва эркаклик (уруғ) гаметалари урғочи ва эркак организмларда ҳосил бўлади. Гермафродит организмларда (қ. Гермафродитизм) урғочилик ва эркаклик жинсий безлари битта организмнинг ўзида ривожланади. Гулли ўсимликлар гулининг тузилишига кўра бир Жинс ли ва икки Жинс ли бўлади (қ. Гул). Бир Жинс ли гуллар битта ўсимликнинг ўзида (қ. Бир уйли ўсимликлар) ёки бошқа-бошқа ўсимликларда (қ. Икки уйли ўсимликлар) жойлашган бўлиши мумкин. Баъзан битта ўсимликнинг ўзи бир жинсли ва икки жинсли гулларга эга бўлади (қ. Полигамия). Ж. жинсий хромосомалар назорати остида ривожланади. Сут эмизувчилар урғочиси ҳужайрларида иккита жинсий (XX) хромосомалар, эркаги ҳужайраларида биттадан X ва У хромосомалар бўлади. Жинсий кўпайишда урғочи организм фақат бир хил, яъни X хромосомага эга бўлган гамета (тухум ҳужайра)лар, эркак организм эса икки хил, яъни X ва У хромосомаларга эга бўлган гамета (уруғ ҳужайра) лар ҳосил қилади. Уруғланиш жараёнида X ва У хромосомага эга бўлган уруғ ҳужайраларнинг X хромосомали тухум ҳужайра билан қўшилиш имконияти тенг бўлади. Шунинг учун уруғланишдан сўнг XX ва ХУ хромосомали зиготалар, яъни урғочи ва эркак организмлар тенг нисбатда ҳосил бўлади. Ана шу жараён туфайли табиатда урғочи ва эркак организмларнинг ўзаро тенг нисбати сақланиб қолади.
Бакриддин Зарипов, Очил Мавлонов.