ЖИНСИЙ КЎПАЙИШ

ЖИНСИЙ КЎПАЙИШ — урғочи ва эркак жинсий ҳужайралар — гаметаларнинг қўшилишидан ҳосил бўладиган зиготадан янги организмнинг ривожланиши, организмлар кўпайишининг ҳар хил шакллари. Жинсий кўпайишда генетик жиҳатдан ҳар хил гаметаларнинг уруғланиш жараёнида қўшилиши туфайли бир-бирига ўхшамайдиган организмлар пайдо бўлади, яъни уруғнинг ўзгарувчанлиги ортади. Эволюция жараёнида Жинсий кўпайишнинг келиб чиқиши гаметаларнинг дифференциацияси ва организмларда жинсий белгиларнинг ривожланиши билан боғлиқ. Жинсий кўпайиш барча эукариотлар учун хос бўлсада, бироқ ҳайвонлар ва юксак ўсимликларда кўп учрайди. Инфузориялар ва айрим бактериялар учун хос бўлган конъюгация жараёни ҳам ирсий материал алмашинувидан иборат бўлгани туфайли генетик жиҳатдан Жинсий кўпайишга яқин туради. Жинсий кўпайишнинг партеногенез шакли эволюцион жиҳатдан кейинроқ пайдо бўлган. Ҳайвонлар орасида айрим жинсли турлари билан бир қаторда гермафродитлар ҳам кўп учрайди. Гаметаларнинг шакли, катта-кичиклиги ва ҳаракатчанлигига биноан Жинсий кўпайишнинг изогамия, оогамия, гетерогамия шакллари бўлади (яна қ. Жинссиз кўпайиш, Вегетатив кўпайиш).

Loading...