ЖИСМОНИЙ ШАХС (фуқаролик ҳуқуқида) — ҳуқуқий муносабатларнинг иштирокчиси бўлган алоҳида фуқаро (чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар)ни ифодаловчи тушунча. У жамоавий тузилма бўлган юридик шахстя фарқ қилади: Ж. ш. бевосита ўз номидан иш юритади — фаолият юргизиши учун жамоавий тузилма — тегишли фирма ёки корхонани қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт эмас, Жисмоний шахснинг ҳуқуқ ва муомала лаёқатининг вужудга келиши ҳамда барҳам топиши тартиби ҳам юридик шахслардан фарқланади. Жисмоний шахс мулк ҳуқуқи асосида мол-мулкка эга бўлиши, уни мерос қилиб олиши ва васият этиб қолдириши; банкда ўз жамғармаларини сақлаши; тадбиркорлик, деҳқон (фермер) хўжалиги б-н, қонунда тақиқланмаган бошқа фаолият билан шуғулланиши; ёлланма меҳнатдан фойдаланиши; юридик шахc ташкил этиши; шартнома, битимлар тузиши ва мажбуриятларини бажариши; ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарнинг қопланишини талаб қилиши; машғулот турини ва яшаш жойини танлаши; фан, адабиёт ва санъат асарлари, қонун билан қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият самараларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Ўзбекистoн Республикасида фуқаролар — Ж. ш. ларнинг ҳуқуқ ва бурчларига оид қонун-қоидалар ФК да белгилаб берилган (16—38-моддалар).