ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ — ЎзР таркибидаги вилоят. Республиканинг марказий қисмида. 1973 й. 28 дек. да ташкил этилган. Шим.-шарқда Қозоғистон Республикаси ва Сирдарё вилояти, жан.ғарбда Самарқанд, Навоий вилоятлари, жан.-шарқда Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Майд. 21,1 минг км2. Аҳолиси 991 минг киши (2001). Жиззах вилоятида 12 қишлоқ тумани (Арнасой, Бахмал, Дўстлик, Жиззах, Зарбдор, Зафаробод, Зомин, Мирзачўл, Пахтакор, Янгиобод, Фориш, Ғаллаорол), 7 шаҳар (Гагарин, Даштобод, Дўстлик, Жиззах, Маржонбулоқ, Пахтакор, Ғаллаорол), 8 шаҳарча (Бўстон, Зарбдор, Зафаробод, Зомин, Ўсмат, Учқулоч, Янгиқишлоқ, Қўйтош), 95 қишлоқ фуқаролари йиғини бор (2001). Маркази — Жиззах ш. (Ж. в. туманлари ҳақида тегишли мақолаларга қ.) Табиати. Рельефи тоғлик, қир ва текисликлардан иборат. Жан. қисмини Туркистон тизмасининг тармоқлари (Молгузар тизмаси), ғарбини Нурота тизмасининг шарқий қисми эгаллаган. Шим., шим.-ғарби ва шарқий қисми (Мирзачўл ва Қизилқум чўлининг жан.-шарқи) текисликдан иборат. Иқлими кескин континентал. Янв. нинг ўртача т-раси — Г дан —4° гача, июлники 28°. Тоғ олдиларида иқлим чўл ва даштларга нисбатан юмшоқ. Йиллик ёғин вилоят жан. да 400—500 мм, шим. да 250 — 300 мм. Вегетация даври 210—240 кун. Йиллик қуёшли кунлар 2800—3000 соат. Энг йирик дарёлари — Сангзор, Зоминсув. Тоғлардан оқиб тушувчи сой кўп. Экинларни суғориш учун Туятортар канали, 1 – ва 2-Жан. Мирзачўл каналлари, Жиззах, Зомин, Қoровултепа сув омборлари қурилган. 2001 й. да Арнасой сув омбори қурила бошланди. Арнасой, Айдаркўл ва Тузкон кўлларидан балиқчиликда фойдаланилади. Тоғ ён бағирларида ёввойи жийда, арча, бодом, ёнғоқ, наъматак, зира, ровоч, зирк кабилар ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан оқ тирноқли айиқ, чиябўри, тулки, қуён, қобон, бўрсиқ, жайра учрайди; бургут, лочин, қора турна, булдуруқ, тувалоқ, тустовуқ, қирғовул, ёввойи ўрдак, каклик каби қушларнинг 150 дан ортиқ тури мавжуд. Вилоятда Зомин миллий боғи, Зомин ва Нурота давлат қуриқхоналари ташкил қилинган.

Таркибида темир, олтингугурт, водород, радий, кремний кислотаси, карбон гази, ишқор бўлган шифобахш минерал сувлар бор. Ғаллаорол, Фориш, Мирзачўл туманларида бальнеологик санаторийлар фаолият кўрсатади. Сульфатхлорид натрийли Чимқўрғон балчиғидан физиотерапия ва даволаш профилактика муассасаларида фойдаланилади.

Фойдали қазилмалардан олтин, кумуш, вольфрам, қўрғошин, рух, темир, молибден, мармар, волластонит, базальт, гранит, корунд, оҳак бор.

Аҳолиси 1 км2 га 46,9 киши тўғри келади (2001). Аҳолининг кўпчилиги ўзбеклар, шунингдек, қозоқ, қирғиз, тожик, рус, татар, турк, украин, немис, форс, арман ва б. Жами 70 дан ортиқ миллат вакили яшайди. Шаҳарликлар 30%, қишлоқ аҳолиси 70% ни ташкил этади.

Хўжалиги. Жиззах вилояти республика и. ч. да ва маданий тараққиётида салмоқли ўрин тутади. Хусусан, пахта, ғалла, сабзавот, мева, чорва маҳсулотлари етиштирилади. Боғдорчиликни ривожлантиришга эътибор берилмоқда. Қурилиш материаллари, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарадиган корхоналар салмоғи ошди. Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2,5 млрд. сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Фаолият кўрсатаётган 9400 га яқин хўжалик субъектларининг қарийб 8300 таси нодавлат хўжаликларидир.

Саноати . Ҳоз. Жиззах вилояти қадимдан Буюк ипак йўлида жойлашганлиги бу худудда савдо маданиятининг тез ривожланишига таъсир этди. Илк ўрта асрларда жаҳон бозорида Жиззахда жун ва теридан тайёрланган маҳсулотларга талаб катта бўлган. 8—9-а. ларда кулоллик, заргарлик, аравасозлик каби маҳаллаларининг мавжудлиги миллий ҳунармандчиликнинг ўша даврларда ривожланганлигидан дарак беради.

Вилоятдаги и. ч. саноат тармоқларини ҳудудий жиҳатдан Жиззах, Ғалла-орол, Даштобод, Дўстлик ш. ларидаги саноат тармоқларига ажратиш мумкин. Булар фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, пахтачилик ва ирригация билан боғлиқ бўлган тармоқлар, пахтани қайта ишлаш, электротехника саноати, қурилиш материаллари и. ч., кимё, енгил саноат (ип йигирув, пайпоқ тўқиш, устки трикотаж ф-калари), озиқ-овқат саноатидир. Вилоятда қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг салмоғи сезиларли. Шулардан Даштобод қурилиш материаллари, Зомин оникс, Бахмал мармар, ғишт з-длари, Даштобод, Дўстлик ун к-тлари, Жиззах мебель ф-каси ишлаб турибди. Жиззах вилоятида кончилик тармоғи ҳам ривожланган. Маржон булоқ олтин кони, Қўйтошдаги оҳак, волластонит, вольфрам, Кўтармада оҳак, Учқулочда қўрғошин конлари фаолият кўрсатмоқда. 1991 — 2001 й. лар давомида Жиззах вилоятида жаҳон андозаси даражасидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи замонавий қўшма корхоналар ташкил қилинди. Вилоятда қўшма, кичик ва хусусий корхоналар мавжуд. Қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг салмоғи тобора ортиб бормоқда. «Жибри» (ЎзбекистонБуюк Британия) қўшма корхонаси йилига 50 минг т чигитни қайта ишлаб ўсимлик ёғи ишлаб чиқаради, «Кумуш тола» (Ўзбекистон— Тожикистон) қўшма корхонаси йилига 80 т дан зиёд ипак толасини тайёрлайди, «Пахта интернейшнл» (Ўзбекистон—Сурия) қўшма корхонаси йилига 10 минг т линтдан целлюлоза и. ч. қувватига эга, «Бахмалшароб» (Ўзбекистoн—Польша) қўшма корхонасида минерал суви қадоқланади. Шунингдек, пахта толасидан эшилган ип тайёрловчи «Иржартекстиль» (Ўзбекистон—Покистон), ёғ-мой ва совун ишлаб чиқарувчи «Мадина» (Ўзбекистон—Хитой), «Жиззах— Телеком» (Ўзбекистон — Индонезия), Қўйтош шаҳарчасида «Волластонит» и. ч. цехи (Ўзбекистoн—Россия), саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Восток ЛТД», «Белогорск» қўшма корхоналарининг ҳиссаси сезиларлидир. Йилига 1 млн. дона аккумулятор тайёрловчи «Ўзэксайд» қўшма корхонаси фаолият кўрсатади (2002). «Зилолатекс» акциядорлик жамиятида 250 т нитрон матоси и. ч. қуввати ишга туширилди.

Қишлоқ хўжалиги. Вилоят қ. х. нинг асосий тармоғи — пахтачилик. Пахта экини майдони вилоятдаги суғориладиган ер майдонининг асосий қисми (110 минг га) ни ташкил этади. Вилоятнинг 12 туманидан 10 тасида пахта экилади. 1994 й. дан Жиззах вилоятида ғалла экиладиган майдон кескин оширилди. 2000 й. да 317,7 минг т ғалла тайёрланди. Ғаллачиликни ривожлантириш учун табиий шароитлар ва б. имкониятлар мавжуд, Вилоят қ. х. да пиллачилик хам салмоқли ўрин тутади. Жойларда йилига 440—480 т пилла етиштириш имконини берадиган табиий ресурслар яратилди.

Қ. х. да картошка, полиз, сабзавот, узум, ҳўл мева етиштириш билан ҳам шуғулланилади. Бир йилда 25—30 минг т картошка етиштирилади. Полиз ва сабзавотдан йилига ўртача 70 минг т дан ҳосил олинади.

Жиззах вилоятида 9,4 минг га дан ортиқ, майдон мевали боғ (олма, беҳи, шафтоли, ўрик, олча, гилос, анор), 7,9 минг га токзор, 2,4 минг га тутзор, 410 га кўчатзор. 78,7 минг га ер қўриқхонага айлантирилган.

Қ. х. да фойдаланиладиган ерлар 1241,4 минг га, шу жумладан ҳайдаладиган ерлар 478,5 минг га, шундан суғориладиган ерлар 266 минг га, лалми ерлар 212,5 минг га, яйловлар 850 минг га, пичанзорлар 12,5 минг га, кўп йиллик дарахтзорлар 21,5 минг га.

Дон экинлари 212 минг га, пахта экиладиган майдон 110,8 минг га, сабзавотполиз экинлари 10 минг га, озуқа экинлари 12,5 минг га, 165 минг га ўрмонзор бор. (2001).

Жиззах вилоятида жамоа, давлат, ширкат ва фермер хўжаликлари мавжуд. Фермер хўжаликларининг салмоғи ортиб бормоқда. Вилоят қ. х. да чорвачилик алоxида ўрин тутади. Барча хўжаликларда 280 мингдан зиёд қорамол, 800 мингдан кўпроқ қўй ва эчки, қарийб 15 минг от, 410 мингга яқин парранда боқилади (2000).

Транспорти. Т. й. вилоятда асосий транспорт турларидан. Умумий уз. 217 км (2001). Автомобиль йўллари ҳам салмоқли ўрин тутади. Ҳаво йўллари Жиззах ш. ни Тошкент ва б. вилоят марказлари, шунингдек, Кавказ, Қрим билан боғлайди. Жиззах ш. кўчаларида троллейбус қатнови йўлга қўйилган.

Маданий-маориф, соғлиқни сақлаш ва спорги. 2000/01 ўқув йилида вилоятда 530 умумий таълим мактабида 253 минг ўқувчи ўқиди. Гимназиялар, 2 академик лицейда 647 ўқувчи таълим олади (2002). Мусиқа ва спорт мактаблари, гимназиялар фаолият кўрсатмоқда. Вилоятда 2 олий ўқув юрти бор: Жиззах педагогика институти ва Жиззах политехника институти.

Ўзбекистoн ғаллачилик илмий тадқиқот ин-ти, оналик ва болаликни муxофаза қилиш илмий маркази фаолият кўрсатмоқда. Вилоят шаҳар ва туманларида 1998—2001 й. ларда 7 коллеж ва 2 академик лицей бинолари қурилиб ишга туширилди. Улар замонавий ўқув қуроллари ва техника билан жиҳозланди. 32 касб-ҳунар коллежида 17293 ўқувчи таълим олади. Академик лицейларда тайёрлов, асосан, 4 йўналишда олиб борилаётган бўлса, касб-ҳунар коллежларида 33 мутахассислик бўйича ўқитилади (2002).

Вилоятда 5 музей (Жиззах вилоят ўлкашунослик музейи, Шароф Рашидов музейи, Зомин тарихи музейи, Ҳамид Олимжон музейи, Меҳнат Қаҳрамони X. Носиров музейи), 289 жамоат кутубхонаси (8 млн. нусхадан ортиқ асар), 126 клуб, 12 туман марказий, 73 қишлоқ ва шаҳар маданият уйлари, 77 бадиий ҳаваскорлик, 54 фольклор-этнографик жамоалар, 12 мақомчилар гуруҳи, 60 хореографик раке дасталари, вокал ва эстрада гуруҳлари фаолият кўрсатади.

Жиззах вилоятида 3 театр: Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театри, вилоят қўғирчоқ театри, Гагарин ш. да қозоқ миллий театри бор.

Вилоятда 1996 й. да ташкил этилган «Ўзбекнаво» гастроль концерт бирлашмаси бўлимининг ёш иқтидорли санъаткорларидан Л. Москалёва, Ф. Ибрагимова, Г. Султонова, О. Маликовлар «Ўзбекистoн — Ватаним маним», «Янги тароналар», «Садо—99» кўрик танловларининг ғолиби бўлишди.

Жиззах вилоятида 5 маданият ва истироҳат боғи, 2 болалар боғи, «Сангзор кўли» истироҳат боғи, Ҳ. Олимжон номидаги шоирлар боғи, «Ўрда» оромгоҳи, Жиззах, Зомин, Ғаллаорол, Пахтакор ш. ларида Хотира боғлари, «Маънавият ва маърифат», «Саломатлик ва гўзаллик», маҳалла ва ёшлар марказлари, «Истиқлол» ёшлар форуми, Бахт уйлари бор. Вилоятда Парпиота, Навкатота, Авлиёота Маликаждарота, Саъд ибн Ваққос, Сайфинота, Саврикота, Қавсота зиёратгоҳлари, Темур дарвоза, Хуттот, Қуёш тақвими обидалари, қад. Жиззах, Ҳошим қўрғон, Абдуллахон қўрғони, Кўкработ, Сабат каби археологик ёдгорликлар мавжуд.

Жиззах вилоятида 67 касалхона, 47 та ҳудудий ва 13 марказий касалхона, 1 даволаш маркази, 16 махсус диспансер, 2,3 минг врач, шу жумладан стоматологлар, 9,9 минг ўрта маълумотли тиббий ходим бор. Вилоят тез ёрдам маркази, оналар ва болаларни муҳофаза қилиш илмий маркази, марказий болалар шифохонаси, вилоят туғруқхонаси, реабилитация маркази, ўсмирлар диспансери каби муассасалар ташкил этилди, 34 та хусусий шифохона, 170 дорихона, 7 та фитобар ишлаб турибди. Санаторий бор (2002).

Жиззах вилоятида спортнинг кураш, бокс, мото пойга, енгил атлетика, каратэ каби турларида республика ва халқаро мусобақалар ўтказиш одатга айланди. 2001 й. да Жиззахда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги ўқув юртлари талабаларининг «Баркамол авлод» спорт ўйинлари ўтказилди. Спортнинг 8 тури бўйича 2000 га яқин спортчи ёшлар Жиззах ш., Пахтакор, Ғаллаорол, Бахмал туманларидаги стадион ва спорт залларида беллашдилар.

Вилоятда жами 28 стадион, 2 та сув спорти саройи, 18 теннис корти, 136 спорт зали мавжуд. Жиззах ш. да Олимпия захиралари коллежи ишга туширилди. Коллежда умумий майд. 9 га (72×102 м ёпиқ спорт манежи) спорт мажмуида бир вақтда 11 турдаги спорт машғулотлари олиб борилади. Коллеж 4 теннис корти, 1 сузиш ҳавзаси, 200 ўринли ётоқхонага эга. Шунингдек, 2 футбол мактаби фаолият кўрсатади. Вилоят ёш спортчилари орасида бокс бўйича Осиё чемпиони Лазизбек Зо-киров, бир неча йиллардан буён шахмат бўйича халқаро мусобақалар совриндори, республика чемпиони, ўқувчи Юлдуз Ҳамроқуловалар бор.

Адабиёти. Жиззах вилояти қадимдан илм-фан ва ижодкорлар ўсиб улғайган юрт. Бу заминда ўрта аcрларда шайх Абулҳасан Хараконий (950—1034), шайх Аба Али Фаюмардий (1084), Абу Тала ибн Наср ибн Жундабек ал-Усрушоний, Поянда Заминий, Соки Заминий каби ислом маърифати ва фиқҳ илмига улкан ҳисса қўшган алломалар яшаб ўтган. Кейинроқ 19—20-а. ларда Махмур Коризий, Убайдуллоҳ Аламкаш, Нарзулло Нарзий, Иномхон Махжур сингари ижодкорлар бой адабий мерос қолдирган. 20а. ўзбек адабиёти ривожида Жиззахда туғилиб ўсган Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Шукур Саъдулла, Сарвар Азимов каби адибларнинг муносиб ҳиссаси бор. 20-а. нинг охирларида Жиззахдан Келди Қодир, Жонибек Қувноқ, Эргаш Муҳаммад, Саъдулла Ҳаким, Рустам Ғаниев, Асрор Мўминов, Оқилжон Ҳусанов, Шарофат Ботирова, Иброҳим Дониш, Сайёра Тўйчиева, Венера Иброҳимова, Саттор Қорабоев, Мели Норматов, Фароғат Камолова каби ижодкорлар ўз маҳоратлари билан адабий жамоатчиликка танилди. Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, Шаҳло Аҳроровалар шеърияти, қўшиқчилик маҳорати билан ажралиб турди.

Матбуоти, радио ва телевидениеси. Жиззах вилоятида 2 вилоят газ. («Жиззах ҳақиқати», «Джизакская правда»), туман ва шаҳар газ. лари чиқади. Вилоятда, шунингдек, тармоқ газ. лари, журналлар ҳам нашр этилади.

Вилоят радиоси ўз эшиттиришлари б-н вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз ўрни ва мавқеига эга. 1990 й. да Жиззах вилояти телевидениеси ташкил этилиб, унинг биринчи кўрсатувлари эфирга узатилди. Жиззах ш. да «Бахтиёр — Шаҳбоз» фирмасининг телестудияси кўрсатувлар олиб боради. Вилоят телерадиокомпанияси ҳафтасига 4 соат, Жиззах ш. телевидениеси 7 соат ҳажмдаги эшиттириш ва кўрсатувлар олиб боради. Жиззах ш. да кабелли телевидение ҳам ишлаяпти. Телетомошабинлар республика телевидениеси ва Россиянинг ОРТ, РТР каналларини томоша қилишлари учун имкониятлар мавжуд.

Меъморий ва тарихий ёдгорликлари. Қад. ва ўрта асрларда бунёд этилган меъморий ёдгорликлар бизгача етиб келмаган. Ўрта асрларга оид кўпгина қалъақўрғон ва карвонсаройлар тепа ва қўрғон (Кўлтепа, Оқтепа, Работ, Қўрғонтепа, Хонимқўрғон, Калиятепа) каби номлар б-н аталади. Буларнинг сони 100 дан ортиқ. Жиззах ва Ғаллаорол туманлари ҳудудидаги Такалисойдаги қоятошларда ибтидоий чорвачилик, овчилик даврига оид мингдан ортиқ расм, Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах туманларида жуда кўп ер ости йўллари сақланган. 1956 й. да Бахмал тумани ҳудудидан Будда ибодатхонаси қолдиғи топилган. Парпиота, Малик Гиркушоқ, Авлиёи Сероб, Нуриддин масжидларининг қолдиқлари сақланган. Фориш туманида қад. «Банд» тўғони қолдиғи ҳозир ҳам мавжуд. Жиззах туманида Узунота қабри бор. Бу ерда соҳибқирон Амир Темур 1404 й. декабрнинг сўнгги кунида бир кеча тунаган. Жиззах руслар томонидан босиб олингандан сўнг рус ҳарбий иш бошчилари назоратида маҳаллий аҳоли кучи б-н барпо этилган бир қанча иморатлар (уезд ҳокими биноси, рус аскарлари қароргоҳи, қамоқхона, черков) сақланиб қолган.

Ўрол Носиров, Рая Нурқулова.

Loading...