ЖЎЖА

ЖЎЖАтовуқ ва б. парранда палапони. Товуқ Жўжа лари 1 кунлигида 35—40 г, 1 ойлигида 240—270 г, 2 ойлигида 550 — 600 г, 3 ойлигида 900—1100 г, 4 ойлигида 1200—1500 г, 5 ойлигида 1500 — 1800 г бўлади. Гўшт (бройлер) йўналишидаги товуқ зотларнинг 7—8 ҳафталик Жўжалари вазни 1,5—1,8 кг га етади. Жўжалар 2 ойликкача катакли батареяларда ёки полига похол тўшалган хоналарда сақланади, 4—5 кунлигидан бошлаб илиқ кунларда яйратиш майдончасига, кейинчалик майсазорларга чиқариб турилади. Хонаки усулда боқишда Жўжа ларга биринчи ҳафтада сувда қайнатиб пи-ширилган тухум, творог, кўк барра пиёз ёки саримсоқ майда тўғраб берилади. Катакли батареяларда ҳар 1м2 га 1 — 20 кунлик Жўжа лардан 25—30; 21—40 кунлигидан 15—20 ва 41—60 кунлигидан 9—12 та; полига похол тўшалган хоналарда ҳар 1м2 га 1—30 кунлигидан 8 — 24; 30—60 кунлигидан 16—18 та жойлаштирилади. Хонанинг ҳарорати биринчи 20 кунликда 29—22°, 21—40 кунлигида 20—18°, 41—60 кунликда 17—16° бўлиши керак. 2 ойлик макиён Жўжалар жўжахўрозлардан ажратилиб, яйратиш майдончасининг атрофи симтўр билан ўралган хоналарига, енгил типда қурилган айвонларга ўтказилади. Жўжалар махсус тайёрланган аралаш озуқа бериб бо-қилади. Биринчи ойда ҳар 2 соатда, ик-кинчи ойда ҳар 3 соатда, кейинчалик кунига 2—4 марта дон ва аралаш озука бериб турилади (қ. Бройлер, Инкубация).

Сайфиддин Азимов.