ЖЎЖИХОН, Жўчи, Жўжи, Чжочи (тахм. 1184—1227) — мўғулларнинг йирик саркардаси, Чингизхоннинг катта ўғли; унинг ҳарбий режаларини рўёбга чиқарган. Ривоятларга кўра, Чингизхоннинг хотини Борте (Бўрта фужин) ҳомиладорлик пайтида маркит қабиласи томонидан асирликка олинган. Кейинчалик уни асирликдан халос этишгач, Жўжихон туғилган. Абулғозий Баҳодирхоннинг ёзишига кўра, «Жўчи»нинг маъноси «меҳмон» бўлган («Шажарайи турк», 47-6.). Ж. Хитой (1211 — 15), Ўрта Осиё (1219—21), Дашти Қипчоқни босиб олишда фаол иш-тирок этган. Жўжихон бошчилигидаги 20 минг нафар мўғул қўшини Ирғиз дарёси бўйидаги жангда Муҳаммад Хоразмшоҳнинг 60 минглик қўшини билан жанг қилган, бу ислом лашкарларининг мўғуллар билан дастлабки тўқнашуви бўлган. Фақатгина Жалолиддин Мангубердинмнг ҳарбий маҳоратигина Хоразмшоҳ қўшинини мағлубиятдан сақлаб қолган. Чингизхон қўшини Ўрта Осиёга юриш қилганда отаси Жўжихонни Сирдарё бўйидаги Жанд, Ўзганд, Сиғноқ каби шаҳар, қалъаларни эгаллашга буюрган. Жўжихон бу қалъаларни олгач, укалари Чиғатой ва Ўктойхон билан биргаликда Хоразм пойтахти Урганчнш қамал қилган, шаҳарни етти ойлик жанглардан сўнггина эгаллаган. Чингизхон мўғуллар забт этган ерларни ўғилларига тақсимлаб берганида (1224) Жўжихонга Иртишдан Уралгача ва ундан Ғарбга томон чўзилган ерлар мулк қилиб берилган (қ. Жўжи улуси). Ж. Шарқий Европага қилмоқчи бўлган ҳарбий юриши бошланмасидан олдин вафот этган; баъзи маълумотларга кўра, Жўжихонни марказий ҳокимиятдан ажралиб чиқмоқчи эканликда гумонсираган Чингизхон махфий буйруқ бериб қатл эттирган. Жўжихоннинг қабри Жезқазған ш. (Қозоғистон)дан 45 км. шим.-шарқда, Қора-Кенгир дарёсининг сўл қирғоғида жойлашган.
Фахриддин Ҳасанов.