ЖОУЛЬ

ЖОУЛЬ (Joule) Жеймс Прескотт (1818.24.12, Солфорд, Ланкашир — 1889.11.10, Сейл, Чешир) — инглиз физиги. Лондон Қироллик жамияти аъзоси (1850 й. дан). Илмий ишлари электромагнетизм ва иссиқликка оид. Энергиянинг сақланиш қонунини тажрибада асослаган. Иссиқликнинг механик эквивалентини топган. Жоуль ўтказгичдан ток ўтганда ажралиб чиқадиган иссиқлик миқдори ток миқдори квадратига ва электр қаршилигига тўғри мутаносиб эканлигини (Жоуль—Ленц қонунини, Э. X. Ленцдан мустақил равишда) асослаган (1841), иссиқликнинг механик эквивалентини аниқлаган (1843). Жоуль инглиз физиги У. Томсон билан бирга газ ғовак тўсиқлардан ўтганида унинг т-раси ўзгаришини тажрибада кўрсатиб берган (1854). Бу ҳодиса Ж. — Томсон эффекти деб аталади ва у газларни суюлтиришда муҳим ўрин эгаллайди. Жоуль термодинамик т-ра шкаласини ҳисоблади, т-ра Т тушунчасини фанга киритди, магнитнинг тўйинишини пайқади ва б. ишлар билан шуғулланди.

Loading...