ЖУН

ЖУН — 1) сут эмизувчиларнинг йигирилувчанлик ёки наматланиш сифатларига эга бўлган қил (тук) қоплами;

2) Жунни қайта ишлаш саноатида ишлатиладиган хом ашё, асосий тўқимачилик толаларидан бири. Саноатда ишлатиладиган Жун асосий қисмини қўй жуни ташкил этади; шунингдек, эчки, туя, қуён, қўтос, от, сигир, буғу, ит ва б. ҳайвонлардан олинадиган Жун ҳам ишлатилади. Жун толасининг сифати унинг йигирилиш хусусияти, ингичкалиги, узунлиги, пухталиги, ранги, чўзилувчанлиги, намлик ютиши ва б. хоссалари билан белгиланади. Кимёвий тузилиши жиҳатидан оқсилли бирикмаларга киради. Жундан газламалар, трикотаж, гилам, техник мовут, адёл, пойабзал, намат, фетр ва б. маҳсулотлар тайёрланади.

Жониворлардан қирқиб олинадиган (қўй, эчки ва б.), тараб олинадиган (туя, ит, эчки ва қуён момиғи) ёки туллаш пайтида йигиб олинадиган (сигир, от) Жун табиий Жун, сўйилган ҳайвонлар терисини қайта ишлаш корхоналарида олинадиган жун завод Ж. дейилади.

Жун толаси тангачасимон, қобиқ ва қувур қатламларидан иборат. Тангачасимон қатлам толани ташқаридан қоплаб турган шохсимон, ярим ҳалқасимон ва доирасимон бўлиши мумкин. Бу қатлам тола танасини емирилишдан сақлайди, толани товлантириб туради ва толаларнинг наматланиш хоссасини яхшилайди. Қобиқ қатлам Жун толасини ҳосил қиладиган урчуқсимон ҳужайралардан иборат бўлиб, пишиқлиги, қайишқоқлиги ва б. сифатларини белгилайдиган асосий қатлам ҳисобланади. Жун толаси терининг маҳсули ҳисобланади. Жун толаси узунлиги ва ингичкалиги муҳим ўринда туради. Жун қатлами қилдан ва қил ости (тук, тивит) қисмдан иборат.

Қўй Жун толалар типига қараб бир типли толалардан иборат бир турли ва ҳар хил толалардан иборат бир турли бўлмаган Жунга бўлинади. Бир турли жунда тивит толалар гурухларга бирлашиб, штапель ҳосил қилади (узун жунли қўй зотларидаги оралик, толалар — бир турли ўрама). Бир турли бўлмаган Жунда тивит, оралиқ ва ўзак толалар ўрамачаларга бирлашади. Жуннинг физик хусусиятлари унинг технологик ва буюмларда кўримлилик сифатларини белгилайди (ингичкалик, узунлик, бурамдорлик, мустаҳкамлик, қайишқоклик ва б.). Ўртача ингичкалиги (мкм): тивит тола 10—25; оралиқ тола —30—50; ўзак (қил) —50 ва ун-дан ортиқ; узунлиги 50 дан 300 мм гача бўлиши мумкин. Жун ранги унинг қобиқ қатламида толанинг бутун узунлиги ёки маълум бир қисмида меланин пигменти мавжудлиги ва унинг ёрқинлиги (жигарранг-қора ёки сариққизил) билан белгиланади.

Технологик жиҳатдан ҳар қандай рангга бўяш имкони мавжуд оқ жун қадрланади. Кўй Жунни таркибидаги толалар типига кўра бир типдаги бир турли (майин, ярим майин) ва турли типдаги толалардан иборат (бир турли бўлмаган) (ярим дагал, дагал) Жун ларга ажратилади. Жун қирқиб олингач, навларга ажратилади, 35—46% ли совун-сода эритмасида ювилиб, сўнгра қуритилади. Саноатда қайта ишлаш учун асосан соф (ювилган) Жун ишлатилади. Ювилган (соф) Жун оғирлигининг ювилмаган Жун оғирлигига нисбатининг фоиз микдори соф жун чиқиши миқдори деб аталади. Ювилиб, ёғ ва б. аралашмалардан тозалангач, майин толали Жундан 40—50%, ярим майин Жундан 45-65%, дағал Жундан 55-80% тоза Жун олинади. Майин Жун бир турли бўлиб, тивит толалардан иборат (ингичкали-ги 18—25 мкм). Штапелдаги толаларнинг ингичкалиги ва узунлиги бўйича бир текислиги, толанинг узунлиги бўйича бир текис бурамдорлиги юқори физик-технологик хусусиятларини таъминлайди. Ранги асосан оқ рангда бўлади. Ярим майин Жун — бир турли, тивит толалардан ёки оралиқ қиллардан иборат (ўртача ингичкалиги 25 — 40 мкм). Ранги кўпинча оқ рангда. Ярим дағал Жун — бир турли бўлмаган, тивит толалардан, оралиқ қил ва оз микдорда ингичка ўзак толалардан иборат. Толаларининг ингичкалиги ва узунлиги бўйича нотекис таркибга эга. Ранги оқдан қорагача. Дағал Жун — бир турли бўлмаган тивит толалардан, оралиқ қилдан, ўзак толалардан иборат. Ярим дағал жундан толаларининг ингичкалиги ва узунлиги бўйича бир текис бўлмаслиги билан ажралиб туради. Бу тўрт гуруҳ тайёрлаш ва саноат давлат стандартларида навларга (олий 1, 2, 3,

4) ажратилади. Ярим дағал Жун толалари момиқ қисмининг узунлиги бўйича олий, 1, 2, 3, 4 навларга, дағал Жун эса 1, 2, 3, 4 навларга, қоракўл қўйлари Жуни эса 1, 2, 3, навларга ажратилади.

Эчки Жун — бир турли (оқ) ва бир турли бўлмаган (оқ рангдан қора ранггача) бўлади; бир турли бўлмаган эчки Жун нингасосан тивити ишлатилади. Туя Ж. — асосан момиқдан ташкил топади, жигарранг бўлади.

Жундан мовут газлама, гилам, устки трикотаж, намат, рўмол, пойабзал ва б. маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Қ. Жун саноати.

Мирпўлат Қулметов, Маҳмуджон Олтиев.

Loading...