ЖУРНАЛИСТИКА

ЖУРНАЛИСТИКА — ижтимоий фаолият тури. Бу фаолият эгалари (журналистлар) ижтимоий долзарб ахборотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва оммавий ахборот воситалари (матбуот, радио, телевидение, ахборот агентликлари ва б.) орқали тарқатиш билан шуғулланади. Журналистика оммавий тарғибот ва ташвиқот шаклларидан бири. Журналистиканинг хусусияти, мақсади жамиятнинг ижтимоий табиатига боғлиқ. Журналистика атамаси дастлаб журналлар мажмуига, кейинчалик барча даврий нашрларга нисбатан қўлланилган. Эндиликда Журналистика ибораси Журналистика фаолияти маҳсулини, шу б-н боғлиқ касблар мажмуини, шунингдек, шу соҳага оид таълимни ва фан тармоғини ҳам англатади. Журналистика фаолияти таркибига матбуот, радио, телевидение, ахборот агентликлари, ҳужжатли кино ва б. киради.

Журналистика тизимидаги ахборот воситалари омманинг кундалик долзарб ижтимоий ва махсус ахборотга бўлган эҳтиёжини кршшришда асосан публицистиката таянади, шунингдек, муҳим ижтимоий масалаларни талқин қилувчи илмий, бадиий ва б. асарлардан ҳам фойдаланади. Журналистика тизимидаги ахборот воситалари ўз фаолиятида маълум даврийликка ва тезкорликка амал қилади.

Ахборотни тўплаш, тахлил қилиш ва тарқатишга йўналтирилган ижтимоий фаолиятнинг дастлабки куртаклари қадим-қадимда пайдо бўлган. Одамларни ижтимоий турмушда содир бўлаётган воқеалардан хабардор қилиш, уларга ахборот воситасида маълум ғоявий-руҳий таъсир ўтказиш турли шакл ва усулларда намоён бўлган. Оғзаки ахборот нотиқлар, жарчилар томонидан етказилган. Ёзма маълумотлар эса, мае, Қад. Мисрда папирусларга битилиб, тарқатилган. Қад. Римда эълонлардан, қўлёзмалардан фойдаланилган.

Ҳоз. давр Ж. си дастлаб 17-а. бошидаги илк даврий босма нашрлар қиёфасида юзага келган. 19-а. нинг 2-ярми ва 20-а. да фотография ҳамда кинематографиянннг кашф қилиниши туфайли фото ва киножурналистика ташкил топди. 20-а. нинг 20-й. ларидан эътиборан радиотехника ютуклари асосида радиожурналистика тараққий қила бошлади, 40-й. ларда эса тележурналистика майдонга келди.

Оммавий ахборот пайдо булиши ва ривожланиши билан умумий савияси ва касбий маҳорати юксак журналистларга эҳтиёж кучая борди. Ана шу эҳтиёж тақозоси турли мамлакатларда махсус Журналистика таълимини юзага келтирди. Журналистиканинг сиёсий йўналиши жиҳатидан бирбиридан фарқ қилувчи бир нечта тури таркиб топди, фаолиятнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва вазифасига дойр турлича қарашлар юзага келди. Чунончи, коммунистик Журналистика фаолиятига партиявийлик, синфийлик асос қилиб олинди. Бу ҳол кўп ҳолларда умуминсоний маънода ахборот соҳасида инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларининг чекланишига, қўпол равишда поймол қилинишига олиб келди.

Журналистика тараққиёти қатор омилларга боғлиқ бўлиб, сиёсий эркинликлар, биринчи галда, матбуот эркинлиги бу омиллар орасида алоҳида ўрин эгаллайди. Матбуот эркинлиги демократик жамият ривожининг зарурий шарти ҳисобланади. Журналистика эркин фаолият шароитидагина жамият аъзоларини холис ва ҳаққоний ахборот б-н таъминлай олади, давлат ва жамият ўртасида ўзини воситачи сифатида намоён этади.

Ўзбекистонда Журналистика 19-а. нинг 2-ярмида пайдо булди. Унинг тарихи Тошкентда чиқарилган «Туркестанские ведомости» ва «Туркистон вилоятининг газета» каби расмий даврий нашрлардан бошланади. 20 а. нинг 1 – ва 2-ўн йиллигида Ўзбекистонда асосий эътиборни миллий тараққиётни таъминлашга қодир маърифатли инсонларни тарбиялашга йўналтирилган хусусий миллий газ. ва жур. лар («Тараққий», «Хуршид», «Садои Туркистон», «Самарқанд», «Ойина» ва б.) ҳам фаолият кўрсатди. Шўро тузуми даврида Ўзбекистонда даврий матбуот тармоғи республика, вилоят ва туман миқёсида чиқадиган умумсиёсий ва тармоқ газ. лари, шунингдек, янги жур. лар ҳисобига кенгайди, айни пайтда Ўзбекистонда радиожурналистика ва тележурналистика ҳам таркиб топди. Лекин булар мустабид тузум кўзлаган сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий мақсадларга хизмат қилишга маҳкум эди.

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, республика Ж. си демократик босқичга қадам қўйди ва жамиятни демократик тарзда янгилаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо қилишга кўмаклашаётган янги тизим шакллана бошлади. 1997 й. да «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида», «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 й. 26 февралида «Журналист кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ти-зимини такомиллаштириш тўғрисида» ги қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжатлар республикамизда журналист кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда дунё андозалари даражасига кўтариш йўлида ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Шундан бери ўтган вакт мобайнида бу қонунлар ва қарорни амалга ошириш йўлида анча ишлар қилинди. Истиклол туфайли республика журналистларининг ижтимоий ҳаёт воқеа ва ҳодисаларини тахлил қилиш ва ёритишга ёндашуви ҳам тубдан ўзгарди. Эндилиқца журналистлар ижтимоий жараёнларни таҳлил қилиш ва ёритишда илмий билимларга, умуминсоний ва миллий қадриятларга, халқаро ҳамжамият эътироф этган умумдемократик қоидаларга таянмоқда.

Журналистика тизимининг шаклланиш жараёнида республикада журналист ихтисоси бўйича махсус олий таълимга ҳам асос солинди. 1949 й. Ўрта Осиё давлат ун-ти (ҳоз. ЎзМЎ)нинг филология ф-ти қошида олий маълумотли журналистлар тайёрлайдиган махсус бўлим таш-кил қилинди. Бу бўлим 1967 й. да мус-тақил ф-тга айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарори билан (1996 й. 26 апр.) «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони таъсис этилди. Олий маълумотли журналистлар ЎзМУдан ташқари, Нукус давлат ун-тида, шунингдек, Ўзбекистон жаҳон тиллари ун-тида ҳам тайёрланади. 1997 й. дан ЎзР Президенти хузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида журналистларни қайта тайёрлаш Халқаро ижтимоий маркази фаолият кўрсатади.

Ад.: Черепахов М. С, Проблемы теории публицистики, М., 1973; Матбуотимиз фидойилари [3 жилдли; тузувчи ва нашрга тайёрловчи 3. И. Есенбоев], 1—2ж. лар, Т., 1991, 1993; Пидаев Т., Матбуот — миллат чироғи, Т., 1999; Сулаймонов И., Мен — журналистман, Т., 2001.

Тоҳир Пидаев.