
ЖУВОЗ
ЖУВОЗ (форс. — ўғир) — мойли ўсимликлар уруғидан (мае, чигитдан) мой чиқарадиган дастгоқ, мойжувоз. Жувоз қандай ўсимлик уруғидан мой и. ч. ига кўра бир неча хил бўлади, чунончи: мой Жувоз, шоли оқланадигани — обжувоз, қоғоз Ж. Улов (от, ҳўкиз) ёки сув кучи билан юритилади. Жувоз кунда, ўқ, қайиқ, гажак, ёғоч (мўмиқ), тўғин каби қисмлардан иборат бўлади. Кунда (уз. 3 м ча, йўғон томонининг диаметри 55—60 см) ўрик, тут, қайрағочдан тайёрланади. Ингичка томони ерга 2 м ча кўмилиб, устки гозаси ўғир шаклида ўйилади ва юкхона деб аталади, унга чигит, кунжут, зиғир, турли уруғ (қовун, кунгабоқар ва б.), яъни хом ашё солинади. Юкхонанинг ўртасидан ўқ учи сингари қилиб ғазна ўйилади. Ғазна чуқурчасида ўқнинг айланиши натижасида хом ашёдан сизиб тушган ёғ тўпланади. Ўқни айлантириш учун унинг учига гажак (уз. 1,2 м ча ёғоч) бириктирилади. Гажакнинг пастки учи қайиқ (уз. 1 м ча, йўғон юзасининг бир томони ўйиб ичига тош тўлатилган, икки ёнидаги тешикларига кундани ўраб ўтган тўғиннинг учлари қоқилган қурилма) ўртасидаги ёғоч (мўмиқ)га боғланади. Жувозга қўшилган улов юрганида қайиқни олдинга суради, қайиқ эса гажакни, гажак ўз навбатида ўқни айлантиради, ўқ хом ашёни эзиб, таркибидаги мойни ғазнага ҳайдайди. Ғазна мойга тўлгач, жувозкаш Жувозни тўхтатиб, мойни олади. Мой берувчи ўсимлик уруғларидан жувозларда олинадиган мой Жувоз мойи деб аталади (асосан зиғир уруғидан тайёрлангани учун зиғир ёғи деб ҳам юритилади). Жувоз мойи кунжут, кунгабоқар, қовун уруғи, чигит ва ёнғоқ мағизидан аралаштириб тайёрланганда шифобахш неъматга айланади. Қоғоз Жувозда эски увада, ёғоч кукуни ва б. эзиб, ун қилинган, сўнг қайнатиб, ундан қоғоз қуйилган.
Жувоз ҳайдайдиган киши жувозкаш, унинг машғулоти, касби жувозкашлик дейилади. Жувозкашлик қадим замонлардаёқ пайдо бўлган Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон қишлоқларидаги йирик деҳқон хўжаликлари мой ишлаб сотиш учун, баъзан майда деҳқон хўжаликлари эса ўз эҳтиёжи учун шахсий жувозхонага эга бўлганлар. Ёғ ва қоғоз саноатининг ривожланиши туфайли жувозкашлик касби анча сусайди. Ҳозир ҳам Жувоз учраб туради.