ЖУЗҒУН

ЖУЗҒУН, қандим (Calligonum) — торондошлар оиласининг бир туркуми. Ўрта Осиёда 45 га яқин тури бор, асосан, чўлларда ўсади. Бўйи 50 см дан 3 м гача. Меваси қуруқ, 4—8 қанотчали, чангчилари 12—18 та. Барглари кўримсиз, уз. 5—7 мм, тасмасимон. Гуллари оқ, майда, хушбўй. Ўзбекистонда, асосан, Қизилқумда ва Марказий Фарғона қумларида қора жузғун (С. aphyllum), норжузғун (С. eriopodum), оқ жузғун (С. junceum), қизил жузғун (С. caputmedusae) ва б. турлари ўсади. Жузғунлар, асосан, кўчма қумларни тўхтатиш учун экилади. Айрим турлари таркибида ошловчи моддалар ва алкалоидлар бор. Ж. ни моллар ейди. Манзарали ўсимлик сифатида ҳам экилади.