КАЪБА

КАЪБА (араб. — куб) — ислом динининг энг муқаддас ибодатхонаси, мусулмонларнинг бош саждагоҳи. Саудия Арабистонининг Макка ш. да. Байтул харом (Муқаддас уй), Байтуллоҳ (Аллоқнинг уйи) деб ҳам юритилади. Уни зиёрат қилиш — ҳаж ва умранинг асосий амалларидан бири.

Каъба Ҳаром масжиди (қ. ал-Масжид ал-Ҳаром)нинг марказида жойлашган, бал. 15 м ва пойдевори 12×10 м ўлчамда тошдан қурилган бино; меъморий ёдгорлик. К. бурчаклари тахм. дунё томонлари йўналишида жойлашган. Шарқий бурчаги асвод рукни («қора бурчак») ёки оддий рукн деб аталади. Унга ердан тахм. 1,5 м баландда токча қилиниб, «қора тош» (арабча «ҳажар ал-асвод») жойланган. У К. даги асосий тавоф қилинадиган нарса, ер юзидаги одамларга Аллоҳ томонидан юборилган, Аллоҳ қудратининг белгиси ҳисобланади. Ҳоз. вактда у бир-бирига қўшилиб кетган қора-қизғиш тусдаги уч синикдан иборат; метеорит деган тахмин бор. Шим. бурчаги Ироқ бурчаги, ғарб бурчаги — Сурия бурчаги, жан. бурчаги эса — Яман бурчаги деб аталади. Каъбага қора мато (кисва) қоплаб қўйилади, матога олтин ва кумуш ҳарфларда хршия қилиб Каъба ва ҳажга тааллукли оятлар ёзилган. Шим.-шарқий деворда 2 м ча баландликда ўйма нақш билан безатилган кумуш занжирли эшик бор. Каъбага чиқиладиган ғилдиракли зинапоя ўйма нақш б-н, кумуш қоплаб жозибадор безатилган. Каъба ичкарисида учта устун бўлиб, кўпдан кўп чироқ осилган, совғa қилинган Қуръон нусхалари сақланади. Шим.ғарбий деворнинг томидан тилла суви югуртирилган тарнов кўриниб туради, у алмизоб ёки мизоб ар-раҳма деб аталади. Шу тарнов билан ғарбий бурчак оралиғи қибла ҳисобланади. Каъбани тош ётқизилган йўлка ўраб туради. Бу йўлкадан зиёратчилар юриб айланиб ўтишади (тавоф қилишади). Эшик рўпарасида Иброҳим мақоми бор, у тош иншоот бўлиб, Каъбани тиклаётганда Иброҳим (ас) шу тошда турган дейдилар. Тошда одам излари кўринади. «Қора тош» яқинида муқаддас Замзам булоғи бор.

Каъба исломдан илгари ҳам араб қабилаларининг муқаддас ибодатхонаси ҳисобланган, унда қабила худоларининг 360 санами сақланган. Ҳар йили араб қабилалари Каъбага ҳаж қилишга келиб турганлар. Ҳаж қилиш одати кейинчалик исломга ҳам ўтган.

Каъба ибодатхонасининг қурилиши ҳақида турли ривоятлар бор. Айтишларича, Одамато Байтуллоҳни бунёд этган, кейин унинг ўғли Шис қурган. Тўфон пайтида Каъба ҳавога кўтариб қўйилган. Кейин яна бузилган. Иброҳим (ас) Маккага ўз ўғли Исмоилни олиб келганда Аллоҳ унга Каъба пойдеворини тиклашни буюрган. Иброҳим Аллоҳ амрини бажарган ва Аллоҳга сиғинувчи барча одамларга уни зиёрат қилишни васият этган. Каъбага кейин Макканинг журҳум, хуза, қурайш қабилалари навбатма-навбат қараб туришган. Каъба бир неча бор сел ва тошқинлардан зарар кўрган. Ривоят қилишларича, Муҳаммад (сав) бу ерда таъмирлаш ишларида қатнашган ва ўша вақтда биринчи бор унга ваҳий келган.

К. Ясриб (Мадина)да қибла деб эълон қилингач (бунгача Қуддусга қараб ибодат қилинар эди), унинг аҳамияти жуда ошиб кетди. Каъба исломнинг дин сифатида шаклланишида катта роль ўйнади. Каъбани динсизлардан озод қилиш ва уни санамлардан тозалаш Муҳаммаднинг зиммасига тушди, унгача бу вазифани Иброҳим (ас) бажарган эди. Муҳаммад бошчилигидаги мусулмонлар 629 й. Маккага кичик ҳаж қилишди, 630 й. Маккани эгаллашди ва Каъба атрофидаги санамлар, унинг ичидаги Хубал деб аталган бутни, ёзувларни йўқ қилишди. Шу йили Абу Бакр (ра) раҳбарлигида биринчи ҳақиқий мусулмон ҳажи адо этилди. Бутпарастларга ҳаж қилиш ман этилди. 631 й. Муҳаммад охирги марта ҳаж зиёратчиларига бошчилик қилди.

Халифа Умар (ра) даврида Каъба ёнидаги уйлар бузиб ташланди ва унинг атрофида Ҳаром масжиди қурилди. 683 й. К. ни умавий қўшинлари ўққа тутди. Кейин у кайта тикланиб, кенгайтирилди. 929 й. Маккани қарматлар босиб олди ва «қора тош»ни олиб кетишди. Орадан 20 й. ўтгач, бу тошни қайтариб олишга муваффақ бўлинди. Аста-секин Каъба теварагида турли иншоотлар, жумладан, асосий мусулмон мазҳабларининг минбарлари тикланди. Улар саудий ҳукмдорлар 20-а. нинг 50—60-й. ларида олиб борган катта таъмирлаш вақтида олиб ташланди. 1980 й. Маккадаги масжид ва Каъбани бир гуруҳ экстремист исёнчилар босиб олди. 2 ҳафтадан сўнг масжид тозаланиб, исёнчилар тор-мор қилинди.

Каъба бутун дунё мусулмонларининг энг муҳим маркази ва бирлиги рамзи бўлиб келди, ҳозир ҳам шундай бўлиб турибди. Ислом динидаги барча оқимлар унинг муқаддаслиги ва алоҳида ролини тан оладилар. Ҳар йили дунёнинг ҳамма чеккаларидан мусулмонлар ҳаж ибодатини адо этиш учун бу ерга келадилар.

Loading...