КАБАЧКА

КАБАЧКА, қовоқча (Cucurbita pepo var. giraumontia) — қаттиқ пўстли қовоклар гуруҳига мансуб сабзавот экини. Бир йиллик, бир уйлик, палакпояси қисқа ўсимлик. Греция ва Италия К. лари турлари бор. Меваси шакли узунчоқ, цилиндрсимон, оғирлиги 350—400 г., сирти силлиқ, туей оч яшил, тоза пишганда новвотранг. Меваси 40—45 кунда етилади. Таркибида (%) қуруқ модда — 4,9, шу жумладан, қанд — 2,55, оқсил — 0,55, ёғ — 0,13, кальций, фосфор ва клечатка бор. 2—4 кунлик ёш меваси сиркалаш учун,етилган мевалари пазандачиликда ва консерва саноатида ишлатилади, йирик мевалари янгилигида чорва молларига берилади (1 кг =0,07 озуқа бирлиги) ва силос қилинади. Табобатда унинг гули кайнатилиб, суви яраларни муолажа қилишда қўлланилади. Ўзбекистонда Грек 110 нави экилади. Уруғлари тупроқ ҳарорати 12—15° га етганда 5—7 см чуқурликда экилади. 1 га майдонга ўртача 2,5 кг уруғлик сарфланади. Эрта ҳосил етиштириш учун кўчатини тувакларда ўстириб, қорасовуклардан кейин 20—25 кунлигида очиқ майдонларга экиш мумкин.

Ботир Азимов.