КАБАРДА-БАЛКАРИЯ

КАБАРДА-БАЛКАРИЯ, Кабарда — Балкария Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Майд. 12,5 минг км2. Аҳолиси 786,3 минг киши(1999). Пойтахти — Нальчик ш. Маъмурий жиҳатдан 9 туман, 7 шаҳар, 7 шаҳарчага бўлинади.

Давлат тузуми. К.-Б. — республика. Давлат бошлиғипрезидент. Қонун чиқарувчи олий орган — республика Кенгаши ва Вакиллар Кенгаши (парламент). Ижроия ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади.

Табиати. К.-Б. Катта Кавказнинг шим. ён бағрида ва унга ёндош Кабарда текислигида жойлашган. Унинг энг баланд тоғ чўққилари (Эльбрус 5642 м, Дихтов 5203 м, Шхара 5068 м) республиканинг жан.ғарби ва жан. да. Ер юзаси шим.-шарққа томон пастлаб боради. Тог тизмалари, жарлик, булоқ, кўллар кўп.

Қазилма бойликлари: молибден, вольфрам, полиметалл рудалари, олтин, тошкўмир, минерал қурилиш материаллари. Шифобахш булоқлар бор.

Иқлими мўътадил континентал, тоғларда баландлик минтақаси қонуниятига бўйсунади. Кабарда текислигида ўртача т-ра янв. да — 4°, июлда 23°. Йиллик ёғин 500 мм дан 2000 мм гача. Тоғларда янв.фев. нинг ўртача т-раси — 12° гача ва июль-авг. ники 4° дан пастроқ. Безенги, Дихсу ва б. музликлар бор. Йирик дарёлари: Терек, Малка, Баксан ва б. Улар баҳорда серсув. Кабарда текислиги қора, ўтлоқи-қора, республика шим.-шарқи — кора-каштан тупроқли. Ўрмонларда қора қайин, граб, эман, қайин, қандағоч, қарағай ва б. ўсади.

Тоғларда силовсин, тоғ ва ўрмон сувсари, қўнғир айиқ, тўнғиз, буғу, тоғ эчкиси, тур; қушлардан қирғовул, чил, каклик, бедана, баланд тоғларда улар (тоғ куркаси), кур учрайди. К.-Б. қўриқхонаси ва Эльбрус табиий миллий боги ташкил этилган.

Аҳолиси. Туб аҳолиси — кабардинлар ва болқорлар; руслар, украинлар, осетинлар ва б. ҳам яшайди. Расмий тили — кабарда, болқор, рус тиллари. Кабардин ва болқорлар — мусулмон суннийлар. Аҳолисининг 67% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Нальчик, Прохладний, Баксан.

Тарихи. К.-Б. ҳудудида мезолит ва неолит даврларига оид ёдгорликлар топилган. Кабардинларнинг аждодлари — адигелар (синд, меот, зих, керкет қабилалари) Азов ва Кора денгиз соқилларида яшаган. Мил. ав. 1-минг йиллик ўрталарида синдлар ягона давлатга бирлашди. Кейинчалик улар Боспор подшоҳлигига қўшилди. 4-а. да хун (гунн) ларнинг бостириб келиши натижасида адиге (адигей)ларнинг ривожланган хўжалиги ва маданияти тушкунликка учради. Шим. Кавказ ва алан қабилаларининг болгарлар ва қипчоқлар билан аралашуви натижасида болқор халқи вужудга келди.

13-а. бошларида мўғуллар бостириб келгач, болқорлар тоғларга кўчиб кетишга мажбур бўлишди. Мўғуллар маҳаллий аҳолидан кўп кишини қириб юборди. 13—14-а. ларда адигеларнинг бир қисми кабардинлар деб атала бошлади. 17-а. да Кабарда Катта Кабарда ва Кичик Кабардага бўлинди. 1557 й. Кабардани Россия босиб олди. 1774 й. Кабарда Россиянинг ажралмас кисми деб эълон қилинди. 1827 й. Россияга Балкария ҳам қўшиб олинди.

1918 й. 21 мартда Шўро ҳокимияти эълон қилинди. 1920 й. март охиригача фуқаролар уруши давом этди. 1921 й.1 сент. да РСФСР таркибида Кабарда мухтор вилояти, 1922 й. 16 янв. да бир-лашган Кабарда-Балкария мухтор вилояти тузилди. 1936 й. 5 дек. да К.-Б. Мухтор Республикаси деб аталди. К.-Б. 1942 й. окт. да немислар томонидан босиб олинди. 1943 й. янв. да озод этилди. 1944 й. да болқорлар 2-жаҳон уруши даврида немис босқинчиларига ён босди деган туҳмат б-н зўрлаб Ўрта Осиё ва Қозоғистонга кўчирилди. К.-Б. мухтор республикаси Кабарда мухтор республикаси деб атала бошлади. 1957 й. болқор халқининг миллий мухторияти тикланди ва Кабарда мухтор республикаси яна К.-Б. Мухтор Республикасига айлантирилди. 1991 й. янв. да К.-Б. Олий Кенгаши давлат суверенитети ҳақида декларация қабул қилди, 1992 й. фев. дан К.-Б. Республикаси деб атала бошлади.

Хўжалиги. К.-Б. — индустриал-аграр республика. Саноати кўп тармоқли. Оғир саноатида машинасозлик ва металлсозлик тармоклари, айниқса электротехника асбоб-ускуналари, автоматлаштириш воситалари, ёғочсозлик станоклари, автомобиль эҳтиёт қисмлари и. ч. муҳим ўрин тутади. Вольфрам-молибден конлари негизида рангли металлургия саноати барпо этилди. Гидрометаллургия з-ди мавжуд, кимё саноати ривожланган. Енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари, асосан, Нальчикда жойлашган. Бинокорлик ашёлари и. ч. бирлашмаси йиғма темирбетон маҳсулотлар, қурилишбоп керамика, деворбоп материаллар ишлаб чиқаради. Консерва ва вино з-длари ҳам бор. Бак-Чегем дараси.

сан ГЭС электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг атиги 7% ни крндиради. К.-Б. да йилига 200 млн. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади.

Қишлоқ хўжалиги дон ва техника экинлари етиштириш ва чорвачиликка ихтисослашган. Дашт ерларда кузги буғдой, маккажўхори, кунгабоқар, тариқетиштирилади. Сабзавотчилик, боғдорчилик, токчилик ривожланган. Суғориладиган ерларда ҳам деҳқончилик б-н шуғулланадилар. Сут ва гўшт-сут чорвачилигига, майин жун олинадиган қўй ва эчкилар боқишга асосий эътибор берилади. Зотдор йилқичилик ривожланган (машҳур кабарда от зотлари). Асаларичилик ва пиллачилик ҳам мавжуд.

Республиканинг шим. дан Нальчик ва Тирниаузга нефть ва газ қувурлари ўтган. Автомобиль йўллари уз. — 3851 км, темир йўллар уз. — 133 км. Автомобиль йўллари Нальчик ш. ни Пятигорск ва Владикавказ ш. лари билан боғлайди. Нальчик ш. да аэропорт бор. Республикада тоғ чанги сайёҳлиги ривожланган.

Маорифи, маданий-маърифий ва ил-мий муассасалари. 20-а. нинг 90-й. лари ўрталарида К.-Б. даги 249 кундузги умумий таълим мактабида 131 минг, 10 ўрта махсус ўқув юртида 8,8 минг ўқувчи, 3 олий ўқув юртида 12,8 минг та-лаба таълим олди. К.-Б. да Тарих, филол. ва иқтисодиёт и. т. ин-ти, Баланд тоғ геофизика ин-ти, лойиҳа ин-ти, К.-Б. қишлоқ хўжалик тажриба ст-яси ва б. илмий муассасалар ҳамда лойиҳа ташкилотлари бор. 230 оммавий кутубхона, 256 маданият уйи, 3 театр, ўлкашунослик музейи, тасвирий санъат музейи мавжуд.

Адабиёти. Кабардин ва болкрр ада-биётлари фольклор (қўшиқ, эртак, афсоналар, қаҳрамонлик эпоси «Нартлар» ва б.) заминида вужудга келди. 19-а. даёқ кабардин шоири ва филологи Ш. Б. Ноғмов (1794—1844) кабардин-черкас алифбоси ва грамматикасини, «Адихей халқи тарихи» асарини яратди. Адиблардан С. ҚозиГирей, С. Хон-Гирей асарлари шухрат қозонди. Маърифатпарвар Крзи Отажукин биринчи бўлиб кабардин-черкас тилида китоб нашр этган (1864). Кабардада Б. М. Пачев, Балкарияда К. Б. Мечиев ўзлари яратган алифбода дастлабки асарларини ёздилар.

20-а. нинг 20—30-й. ларида К.-Б. адабиётида болқор С. Шохмурзаев ва К. Б. Мечиев, кабардин А. П. Кешоков ва Б. М. Пачевлар эрксеварлик руҳида асарлар ёзишди. Али Шогенцуков кабардинлар ўтмиши ҳақида ҳикоя қилувчи «Камбот ва Ляца» шеърий романи ва жўшқин шеърлари билан кабардин адабиётига кириб келди. Ўтмишдаги ижтимоий муносабатлар, хотин-қизларнинг қисмати, халқларнинг ўз ҳуқукларини таний бошлаши 30-й. лар драматургияси ва насрида ўз аксини топди. Ж. Налоев, С. Кожаев, М. Афаунов ва б. ёзувчилар асарларида ижобий қаҳрамон қилиб замондошлар олинди.

2-жаҳон уруши йилларида душманни енгишга ундовчи шеърлар, очерклар, ҳикоялар тўпламлари, «Менинг Ватаним» (Али Шогенцуков), «Ота» (А. П. Кешоков) қиссалари чоп этилди. Фронт матбуотида А. П. Кешоков, Қ. Қулиевнинг жанговар шеърлари мунтазам чиқиб турди. Фашизм билан курашда кўпгина истеъдодли ёзувчилар қаҳрамонларча ҳалок бўлдилар.

Урушдан кейин шоирлардан А. П. Кешоковнинг «Отлиқнинг йўли», «Ёшлик ери» ва б., К – Қулиевнинг «Тоғлар», «Нон ва атиргул» каби асарлари шуҳрат қозонди. Кейинги йилларда йирик насрий асарлар яратилди. А. Шортановнинг «Тоғликлар» романи, А. Кешоковнинг дилогияси, А. Налоев, С. Кушхов, Ж. Залихонов, О. Этезов, 3. Аксиров, П. Мисаков ва б. адибларнинг асарлари нашр этилди. А. Кешоков ва Қ. Қулиевнинг энг яхши асарлари узбек тилига таржима қилинган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. К.-Б. ҳудудида неолит ва илк жез даврига оид четан уй қолдиқлари, керамика, металлдан ясалган безаклар топилган. Турли даврларда қурилган қўрғонлар, мақбаралар, қад. қишлоқ ва шахар қолдиклари, баланд тоғли жойларда ўрта асрларга оид қалъалар мажмуи (ТотурҚалъа), ҳашаматли миноралар (Абай минораси, 16 — 17-а. лар) ва ҳ. к. сакланган. 14—19-а. ларга оид мақбарасағаналар кўп учрайди. Улар тўртбурчакли, томи икки томонга нишаб ёки айлана ва серқирра, баъзан конуссимон бўлган.

Кейинги йилларда Нальчик ш. қайта қурилиб, боғ шаҳарга айлантирилди. Ҳукумат уйи, мусиқали драма театри, Ўлкашунослик музейи, санаторийлар, дам олиш уйлари, меҳмонхона бинолари қурилди.

К.-Б. да ёғоч, тош ва суяк ўймакорлиги, гиламдўзлик ривожланган. Бош кийимлар, ёқа қайтармалари ва аёллар кўйлагининг енглари зар ип ва тасмалар б-н безатилади. Эчки ва қўй жунидан турли буюмлар тўқилади. Бол-қорларда гул солиб намат (кигиз) босиш, кабардинларда геометрик шакллар билан безаб бўйра тўқиш авж олган.

20-а. нинг 2-ярмида рассомлик санъати ривож топди. Н. Н. Гусаченко, М. А. Ваннах, М. Аскаров, В. Темирканов ва б. рассомлар манзара картиналари, Н. Н. Гусаченко, Н. М. Третьяков, Н. П. Татарченко ва б. портрет ҳамда сюжетли картиналар, X. Кримшамхалов, М. Тхакумашев ҳайкалтарошлик устида самарали ишладилар.

Мусиқасида халқ қушиқ ва рақс жанрлари салмокли ўрин тутади. Кабардин ва болқор халқ чолғулари ичида торли асбоблардан шикэ-пшинэ, жияқобуз ва б., пуфлама асбоблардан накирэ, сирина, бжэмий, сибизға кабилар, урма асбоблардан пхъачич, қарс ва ҳ. к. бор. Султонбек Абаев, Козим Мечиев, Бекмурза Пачев ва б. К.-Б. нинг машҳур қўшиқчилари, халқ мусиқачилари ва ашулачи-достончиларидир. Композиторлардан М. Балов, X. Карданов, В. Малов, Н. Осмоновлар машхур. «Мадина» миллий операси, «Лялюца», «Даханаго» миллий балетлари ва б. яратилган. Симфоник мусиқа ҳам ривожланган.

К.-Б. да мусиқали театр, филармония, радио ва телевидение хори, «Кабардинка» халқ рақс ансамбли, мусиқа билим юрти, болалар мусиқа мактаблари, ёшлар театри, театр-студия, драма театри, миллий труппалар бор

Prev Article

КАБАЛАКА

Next Article

КАБАЧКА