КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ МИЛЛИЙ ДАСТУРИ

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ МИЛЛИЙ ДАСТУРИ, ЎзРнинг кадрлар тайёрлаш миллий дастури — 1997 й. 29 авг. да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 9-сессиясида президент И. А. Каримов ташаббуси билан қабул қилинган. Дастурнинг мақсади таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қолиплардан тўла халос этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг ривожланган демократик давлатлар даражасидаги, юксак маънавий ва ахлоқий талабларига жавоб берувчи миллий тизимини яратишдан иборат. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ЎзРнинг «Таълим тўғрисида»ги қонуни (1997 й. авг.) қоидаларига мувофиқ ҳолда тайёрланган бўлиб,миллий тажрибанинг таҳлили ва жаҳон миқёси таълим тизимидаги ютуқлар асосида тайёрланган ҳамда юксак умумий ва касб-ҳунар маданиятига, ижодий ва ижтимоий фаолликка, ижтимоий-сиёсий ҳаётда мустақил равишда мўлжални тўғри ола билиш маҳоратига эга бўлган, истиқбол вазифаларини илгари суриш ва ҳал этишга қодир кадрларнинг янги авлодини шакллантиришга йўналтирилган. Дастур кадрлар тайёрлаш миллий моделини рўёбга чиқаришни, ҳар томонлама камол топган, жамиятда турмушга мослашган, таълим ва касб-ҳунар дастурларини онгли равишда танлаш ва кейинчалик пухта ўзлаштириш учун ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, психологик-педагогик ва б. тарздаги шароитларни яратишни, жамият, давлат ва оила олдида ўз жавобгарлигини ҳис этадиган фуқароларни тарбиялашни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган кадрлар тайёрлаш миллий модели қатор ноёб, такрорланмас ўзига хос хусусиятларга эга. У Ўзбекистоннинг халқаро андозалардаги замонавий тараққиётини таъминлай оладиган дадил, мустақил фикрли, малакали, билимли мутахассис, айни пайтда эзгу инсоний сифатларга эга кадрларни тайёрлаш мақсадини кўзлайди. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури И. Каримов томонидан ижтимоий онгга киритилган, давлатни, жамиятни ривожлантиришга хизмат қиладиган тамомила янги тушунчадир.

Дастур 5 бўлимдан иборат: Муаммолар ва кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш омиллари; Миллий дастурнинг мақсади, вазифалари ва уни рўёбга чиқариш босқичлари; Кадрлар тайёрлашнинг миллий модели; Кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари; Миллий дастурни рўёбга чиқаришга доир ташкилий чора-тадбирлар.

Дастурнинг 1-бўлимида ЎзР давлат мустақиллигига эришиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг ўзига хос йўлини танлаши кадрлар тайёрлаш тизими ва мазмунини қайта ташкил этиш зарурлиги, бу ҳол қатор чора-тадбирлар кўришни тақозо этишни, лекин содир этилган ўзгартиришлар кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлай олмагани қайд этилди. Шунингдек, бу бўлимда кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг муҳим омиллари баён этилган.

Дастурнинг 2-бўлимида унинг мақсади, вазифалари ва дастурни рўёбга чиқариш босқичлари аниқ ифода этилган. Мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш 3 босқичдан иборат бўлиб, 1-босқичи (1997—2000 й. лар)да мавжуд кадрлар тайёрлаш тизимининг ижобий салоҳиятини сақлаб қолиш асосида ушбу тизимни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий, кадрлар жиҳатидан, илмий-услубий, молиявий-моддий шарт-шароитлар яратиш, 2-босқич (2001—2005 й. лар)да миллий дастурни тўлиқ рўёбга чиқариш, меҳнат бозорининг ривожланиши ва реал ижтимоийиқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда унга аниқликлар киритиш, 3-босқич (2005 ва ундан кейинги йиллар) да тўпланган тажрибани таҳлил этиш ва умумлаштириш асосида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларига мувофиқ кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш назарда тутилади.

Дастурнинг 3-бўлимида кадрлар тайёрлаш миллий моделининг асосий таркибий қисмлари шахс, давлат ва жамият, узлуксиз таълим, фан ва и. ч. дан иборат эканлиги кўрсатилган. Бунда шахс — кадрлар тайёрлаш тизимининг бош субъекти ва объекти, таълим соҳасидаги хизматларнинг истеъмолчиси ва уларни амалга оширувчиси, давлат ва жамият эса, таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимининг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширувчи кадрлар тайёрлаш ва уларни қабул қилиб олишнинг кафиллари сифатида баён қилинган. Узлуксиз таълим эса, малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асоси бўлиб, у мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари), олий таълим (бакалавриат ва магистратура), олий ўқув юртидан кейинги таълим (аспирантура, адъюнктура, докторантура, мустақил тадқиқотчилик), кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълим турларини ўз ичига олади. Фан юқори малакали мутахассислар тайёрловчи ҳамда улардан фойдаланувчи, илгор педагогик ва ахборот технологияларини ишлаб чиқувчидир. И. ч. кадрларга бўлган эҳтиёжни, шунингдек, уларнинг тайёргарлик сифати ва савиясига нисбатан қўйиладиган талабларни белгиловчи асосий буюртмачи, кадрлар тайёрлаш тизимини молия ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш жараёнининг қатнашчисидир.

Дастурнинг 4-бўлимида кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари баён қилинган. Булар таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш, педагог ва илмий педагог кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг замон талабларига мослашувчан, таълимнинг юқори сифатли ва барқарор ривожланишини кўзловчи тизимини вужудга келтириш, таълим жараёнини мазмунан ислоҳ қилиш, ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқнинг бой миллий маданий-тарихий анъаналарига, урф-одатлари ҳамда умумбашарий қадриятларга асосланган самарали ташкилий, педагогик шакл ва воситалари ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этиш, иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлашдан иборат. Шунингдек, узлуксиз таълим тизими ва кадрлар тайёрлашнинг давлат ва нодавлат таълим муассасаларини таркибий жиҳатдан ўзгартириш қамда уларни изчил ривожлантиришни давлат йўли билан бошқариш, касб-ҳунар таълими сифатини назорат қилиш тизимини шакллантириш, таълим тизимини молиялашни такомиллаштириш, мавжуд таълим муассасаларини капитал таъмирлаш ва янги таълим муассасалари қуриш, уларни норматив талабларга мувофиқ, замонавий техника ва технологиялар даражасини ҳисобга олган ҳолда жиҳозланишини таъминлаш, таълим тизимининг яхлит ахборот маконини вужудга келтириш, таълим хизмати кўрсатиш бозорини ривожлантириш, таълим соҳасида ижтимоий кафолатларни таъминлаш ҳамда бу соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, фан билан таълим жараёни алоқаларини, и. ч. ва таълим тизими интеграциялашувини, таълим ва кадрлар тайёрлашда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳам таълим тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидир.

Дастурнинг 5-бўлимида миллий дастурни рўёбга чиқаришга доир ташкилий чора-тадбирлар белгиланган.

Дастурдан ЎзР Президенти И. А. Каримовнинг асарлари ва нуткларида таълим масалалари бўйича қайд этилган тамойилларнинг барчаси ўрин олган. Дастур қабул қилинганидан сўнг республика бутун таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг аниқ стратегик йўналишига эга бўлди ва бу борада бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, республиканинг 24 мактабида умумий ўрта таълимнинг 23 ўқув предмети мазмунини янгилаш, ўқувчилар билимини баҳолашнинг ягона рейтинг тизимини жорий этиш юзасидан тажриба-синов ишлари ўтказилди. Уларнинг натижалари асосида умумий ўрта таълимнинг барча соҳаларидан давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари, янги дарсликлар ишлаб чиқилди. Академик лицейлар ва касб-хунар коллежлари тармоғини барпо этиш ҳамда уларни самарали ишлаши учун барча шартшароитлар яратиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таркибида ўрта махсус, касб-хунар таълими маркази барпо этилиб, лицей ва коллежлар шу марказ ихтиёрига ўтказилди. 2000 й. гача бакалавриат йўналишлари бўйича 251 давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди, дастурнинг кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш йўналиши бўйича 71 ўқитувчининг чет элларда, 980 ўқитувчининг чет эл ўқитувчиларини жалб этиш йўли билан малакаси оширилди. Дастур муваффақият билан ривожланиб, ЎзР устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишига ишончли кафолатдир.

Ад.: Баркамол авлод орзуси Т., 2000.

Асқарали Сулайманов.

Loading...