КАДРЛАР

КАДРЛАР (франц. cadre — шахсий таркиб) — 1) корхона, муассаса, фирма, ҳиссадорлик жамиятлари, банклар, касаба уюшмалари ва жамоат ташкилотларида малакали ходимларнинг асосий таркиби.

Ўзбекистонда мустақилликдан сўнг Кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1997 й. 29 авг. да қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида амалга оширилиб, бир бутун узлуксиз тизимда олиб борилади. Шахснинг кадр сифатида шаклланиш босқичига тайёргарлик умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейларда амалга оширилади. Кадрларнинг асосий контингенти касб-ҳунар коллежи, бакалавриат ва магистратура орқали тайёрланади. Юқори илмий салоҳиятли, малакали Кадрларни тайёрлаш аспирантура, ординатура, адъюнктура, докторантурада амалга оширилади.

Мамлакатда юқори малакали Кадрларлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқца. Шу мақсадда янги ўқув даргоҳлари очилди, талабаларни ривожланган хорижий мамлакатларда касб эгаллашларига кенг йўл очиб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов биринчи чақириқ ЎзР Олий Мажлисининг 9-сессияси (1997)да умумлаштирилган ҳолда Кадрлар тайёрлаш тизимининг шаклланиши ва фаолият кўрсатишнинг асосий тамойиллари қуйидаги вазифаларни ўз ичига олишини таъкидлади: барча хил ва турдаги таълим муассасаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун узлуксиз таълим, фан ва и. ч. салоҳиятидан самарали фойдаланиш; давлат таълим стандартларини жорий этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш механизмини ишлаб чиқиш; ихтисосликлар, малака даражасига кўра, мутахассисларга бўлган умумдавлат ва минтақавий талабларнинг истиқболини аниқлаш; таълим тизимини тузилиш ва мазмун жиҳатидан ислоҳ қилиш учун ўқитувчиларни ва мураббийларни қайта тайёрлаш; давлат ва ижтимоий муассасаларнинг касбга йўналтириш бўйича фаолиятини такомиллаштириш. Бунда касб танлашнинг бозор эҳтиёжлари ва имкониятларини эътиборга олиш зарур, токи бир шахс ўзига мос касбни эгаллай олсин; К. тайёрлаш тизими истеъмолчилари — корхоналар, муассасалар, фирмалар, ҳиссадорлик жамиятлари, банклар ва б. тузилмаларнинг имкониятларидан, биринчи навбатда, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий ўқув юртларининг моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш учун мумкин қадар кенгроқ фойдаланиш; К. тайёрлаш ва таълим соҳасига чет эл сармоялари, халқаро донорлик ташкилотлари ва жамғармаларининг маблағларини жалб этиш; қонун доирасида ўқув режалари, дастурлари ва ўқитиш йўриқлари, таълимий хизматларни белгилашда таълим муассасаларига, биринчи навбатда, олий ўқув юртларига мустақиллик бериш ва ўзини ўзи бошқариш усулларини жорий этиш. Юқори малакали, замонавий билимларга эга бўлган, ҳоз. кун талаблари асосида фикрлай оладиган етук Кадрларни тайёрлаш — ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам иқтисодий муаммоларни ҳал этишнинг калити ҳисобланади.

2002 й. Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мактабларини 603193 (шулардан 35663 таси 11-синфни), академик лицейларни 4349, касб-ҳунар коллежларини 24368, бакалавриатни 27742, магистратурани 1828 нафар ўқувчи ёшлар битириб чикди. 1999 й. да аспирантурада 3,9 минг, докторантурада 340 киши таҳсил олди. Ўзбекистонда Кадрлар маълум муддатларда махсус курсларда ўз малакаларини ошириб борадилар. Бунинг учун барча соҳалардан малака ошириш ин-тлари, ф-тлари, курслар ташкил этилган. 1999 й. Ўзбекистонда 308,3 минг киши и. ч. да янги касб ўрганган ва малакасини оширган ҳамда бошқа ўқиш турларига жалб қилинган.

2) Қуролли кучларда — ҳақиқий хизматдаги командирлар ва оддий аскарлар таркиби.

Prev Article

КАДМИЙЛАШ

Next Article

КАЖАВА