КАФЕДРА (юн. kathedra — ўриндиқ, курси) — 1) ўқитувчи, маърузачи, нотиқ учун мўлжалланган жой;
2) олий ўқув юртларида бир ёки бир-бирига яқин бир неча фанлардан ўқув, методика ва и. т. ишлари олиб борувчи, шунингдек, илмий-педагогик кадрлар тайёрловчи, мутахассислар малакасини оширувчи асосий бўлим. К. га, одатда, проф., фан дри раҳбарлик қилади (доцент, фан номзоди ҳам раҳбарлик қилиши мумкин). Кафедра таркибига проф., доцент, ассистент, катта ўқитувчи, катта ва кичик илмий ходим, аспирант ва б. киради. Кафедра ўз лаб. ва кабинетига эга бўлади. Унга лекциялар, лаб. ишлари, амалий ва ўқув машғулотлари, семинарлар ўтказиш, ўқув ва и. ч. амалиёти, тадқиқот ишлари, курс ва диплом (лойиҳаиш)ларига раҳбарлик қилиш ва б. вазифалар юклатилган. Кафедралар умумин-т (ун-т) ва ф-т К. ларига бўлинади. Умумин-т (ун-т) Кафедралар олий ўқув юртининг барча ёки кўпчилик ф-тларида ўқитиладиган умумий илмий фанлар, ф-т К. лари муайян ф-тда ўтиладиган махсус фанлар билан шуғулланади;
3) христианлик черковида ваъз этиладиган баланд минбар.