КАЛАМУШЛАР

КАЛАМУШЛАР (Rattus) — кемирувчилар туркумининг бир уруғи. Сичқонсимонлар оиласига мансуб. Танаси чўзиқ, думи узун ва тангачалар билан қопланган. Калта оёғида сийрак жун бор. Қулоғи катта, жуни сийрак (айрим турлариники жунсиз). 60 тури маълум. Ер юзида кенг тарқалган. Ўзбекистонда омбор, яъни кулранг каламуш ва туркистон каламуши, Туркманистонда қора каламуш тарқалган. Омбор К. ининг бўйи 25 см ча, думи нисбатан калтароқ, кам жун, кўпинча тангачалар билан қопланган, малла ёки жигарранг аралаш кўнғир тусли, корни хира оқ. Ер юзида кенг тарқалган. Ватани — Шарқий Хитой. Ўзбекистонда 2-жаҳон уруши даврида пайдо бўлган. Урушдан кейинги йилларда Тошкентда ариқ бўйи, молхона, омборларда кулранг Каламушлар кенг тарқалиб, туркистон Каламушлар ини сиқиб чиқарди. Омбор Каламушлар жуда серпушт. Урғочиси йилда 3 марта, қар гал 1 — 15 тадан болалайди. Боласи 3—4 ойда воя га етади. Каламушлар ҳайвонлар мурдаси, ўсимликлар ва уларнинг қолдиқлари билан озиқланади. Озиқ-овқат, донларга, баъзан мўйна, газмолларга зарар етказади. Альбинос формаси (оқ Каламушлар)лаб. ҳайвони ҳисобланади. Туркистон каламушининг бўйи 12—23 см, думи бўйига тенг. Ранги омбор Каламушларга ўхшайди, аммо корни анча оқ. Шим. Ҳиндистон ва Ўрта Осиё тоғларида яшаб, кўпинча ёнғоқзорларда дарахт илдизлари остида ва турли ковакларда уя ясайди. Жуда серпушт. Бир йилда 4 — 5 марта 2—13 тадан болалайди. Ҳар хил ўсимлик ва майда жониворлар билан озикланади. Тоғда меваларга зарар етказади. Каламушлар ўлат каби юқумли касалликларни тарқатади. Қора Каламушлар гавдасининг уз. 13—19 см, думи 13,5—23 см, ватани — Ҳиндистон. Бу ердан ҳамма қитъаларга ўтган. Ўрта Осиёда фақат Туркманистонда учрайди. Йилда 3—5 мартадан 4—13 тагача болалайди. Каламушларга қарши курашиш учун механик, кимёвий ва биологик воситалардан фойдаланилади.