КАЛАХАРИ

КАЛАХАРИ — Жан. Африканинг марказий қисмидаги чала чўлли табиий ўлка. Ботсвана, ЖАР, Намибия, Замбия, Зимбабве, Ангола ҳудудида. Уз. 2000 км чамасида, кенглиги 1200 км дан зиёд. Майд. 630 минг км2. Плато ва ясситоғлар б-н ўралган эол рельеф шаклига эга ботикдан иборат. Шим,да Конго-Замбези сувайирғичи, жан. да Оранж дарёси водийси билан чегараланади. Ер юзаси бир оз паст-баланд, кўп қисми қум билан қопланган бўлиб, бал. 900—1000 м. Иқлими тропик ва субэкваториал иқлим, ўртача т-раси ёзда 24—26°, қишда 12— 18°. Йилига 150 мм дан 1000 мм гача ёғин ёғади (энг кўп ёғин дек. —фев. ойларига тўғри келади). Дарё кам. Шўр сувли саёз кўл ва ботқоқлик кўп. Тупроғи жигарранг-қизил, латерит, қизил-қўнғир тупроқ. Ўсимлик дунёси — шим. да саванналардан, жан. да чул ва чала чул ўсимликларидан иборат. Катта қисмида ўсимлик умуман ўсмайди. Ҳайвонот дунёси Эфиопия областининг Африка кичик областига мансуб. Аҳолининг асосий қисми овчилик ва чорвачилик б-н шуғулланади. Калахарининг жан. қисмида товар маҳсулот берувчи чорвачилик ривожланган, айрим ерларда деҳқончилик қилинади. Калахари ҳудудида Этоша-Пан миллий парки ташкил этилган.