КАЛЕНДАРЬ

КАЛЕНДАРЬ — йил, ой ва кунлар, ҳафта кунлари, асосий байрамлар ҳақидаги ахборотлардан иборат, баъзан астрономик маълумотлар ҳам бериладиган босма нашр. Календарь китобча, журнал, совга ва реклама альбомлари, йиртма ва вараклама жадвал, плакат ва б. шаклларда нашр этилади. Қад. Римда қарз дафтарлари Календарь дейилган, унга қарз берувчи ҳар ойнинг дастлабки кунларида киритиладиган фоизлар — календарни (номи шундан олинган) ёзиб борган. Бизгача маълум бўлган энг қад. Рим К. га мил. 354 санаси қўйилган. Ўрта асрларда Календарь нашри билан черков шуғулланган, 14-а. дан Европада дунёвий мазмундаги Календарь пайдо бўлди. Бундай Календарь ларда йилнинг фасл ва ойлари, юлдузлар туркуми ва б. ни жадвал тарзида кўрсатиш расм бўлган. Бундай Календарьлар мусулмон мамлакатларида ҳам кенг тарқалган (қ. Зижлар). Китоб босиш ихтиро этилиши билан турли мамлакатларда босма Календарьлар ҳам тайёрлана бошланди.

Ўзбек тилида биринчи босма Календарь Шоҳимардон Иброҳимов томонидан тузилиб, 1871 й. Тошкентда Туркистон ҳарбий округи босмахонасида чиқарилган (унинг 1872 й. 2-нашри Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида сақланади). Бу К. да астрономик маълумотлардан ташкари ярмарка-бозорлар, давлат банки бўлимлари, Туркистон ва Россиядаги шаҳарларга олиб бориладиган йўллар, суд низомлари, почта алоқаси тартиб-қоидалари, бахтсиз ҳодисалар рўй берганда кўрсатиладиган биринчи тиббий ёрдам ва ш. к. ҳақида маълумотлар келтирилган.

Иккинчи жаҳон урушига қадар Ўзбекистонда, асосан, жадвал Календарьлар нашр этилган. «Чўнтак календари» чиқарилган (1966-67). 1963 й. дан бошлаб «Ўзбекистон» нашриётида мунтазам равишда (фақат 1973 й. да чиқмади) «Ўзбекча календарь» (тузувчилар: Мели Жўра, Комилжон Абдуллаев) нашр этилиб, адади 400 мингга етган (1963—83). Кейин шундай Календарьни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошида ташкил этилган календарь бўлими чиқарди (1983—89). «Ўзбекистон» нашриётида 1994 й. дан мунтазам вараклама календарь, плакат календарь чиқарилмоқда.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси йиллик мусулмонлар йили тақвими (мусулмонлар календарини чиқарган (1943 й. дан). Ҳоз. «Мовароуннаҳр» нашриёти йилнинг ҳар чораги учун алоҳида «Мусулмонлар тақвим китоби» чиқармоқда (1977 й. дан). Унда қуёш чиқиши ва ботиши, туш, қибла йўналиши, ҳижрий сана ва намоз вақтлари кўрсатилади. «Мовароуннаҳр» нашриётида ҳар йили «Рамазон» тақвими ҳам чиқади. Унда рўза тутиладиган кунлар, саҳарлик ва ифторлик вақтлари кўрсатилади.

Loading...