КАЛИМАНТАН

КАЛИМАНТАН, Борнео — Малай архипелагидаги энг йирик орол, Катта Зонд о. лари таркибида. Майд. 734 минг км2 (катталиги жиҳатидан Ер юзида Гренландиядан кейин 2-ўринда). Аҳолиси 10 млн. дан зиёд. Калимантан ҳудудининг катта қисми Индонезия таркибида, шим. ва шим.-ғарбий қисми Малайзия ва Бруней давлатлари ҳудуди.

Калимантан соҳилининг катта қисми ботқоқлашган пасттекислик, қирғоқ чизиғи текис. Марказий қисми бал. 2000—3500 м ли палахса тоғлардан иборат. Калимантан шим. даги Кинабалу тоғи (4101 м) — оролнинг энг баланд жойи. Тоғлар, асосан, гранит, гнейс, кристалли сланецлардан иборат. Нефть, газ, тошкўмир, темир, марганец, хром, мис ва б. руда конлари бор. Иқлими экваториал иқлим. Текисликларда т-ра 25—27°. Йиллик ёғин 2000—3500 мм. Дарё кўп. Йирик дарёларининг қуйи қисмида кема қатнайди. Тупроғи подзоллашган латерит тупроқ. К. ҳудудининг 75% и ўрмон. Текисликлар нам тропик ўрмонлар (пальма, бамбук, фикус), ён бағирлар дуб ва игна баргли ўрмонлар, тоғ тепалари бутазор ва яйловлардан иборат. Ҳайвонлардан фил, маймунлар, айиқ, каркидон бор. Қушларнинг 600 га яқин тури яшайди. Аҳоли кокос пальмаси, шоли етиштиради. Балиқ овланади. Бир нечта миллий парклар мавжуд. Йирик шаҳарлари — Понтианак, Банжармасин, Самаринда, Кучинг, Бандар-Сери-Бегаван.

Калимантаннинг туб жой аҳолиси турли қабилалардан ташкил топган, улар кўпинча даяклар деган умумий ном билан аталади. Калимантан соҳилидаги князликлар 13-а. дан Ява ҳокимларига карам бўлган. Европаликлар оролга 17-а. дан кела бошлаган.

Loading...