КАЛКА ЖАНГИ

КАЛКА ЖАНГИ — Украинанинг Донецк вилоятидаги Калка (ҳоз. Калчик) дарёси ирмоғи Калмиус бўйида рус князлари ва қипчоқ қўшинлари билан мўғул қўшини ўртасида бўлган жанг (1223 й. 31 май). Бу жангда Галичь князи Мстислав Удалой бошчилигида рус қўшини ва қипчоқхони Котян (Мстиславнинг қайнотаси) биргаликда мўғулларнинг Жебе нўён ва Субутой баҳодир бошчилигидаги туманларига (20 минг жангчи) қарши турган.

Чингизхоннинг фармонига кўра, хоразмшоҳ Муҳаммадни таъқиб этиш учун жўнатилган Жебе нўён ва Субутой баҳодир бошчилигидаги 20 минглик (2 туман) қўшин, йўлида дуч келган Шим. Эрон, Кавказдаги шаҳарларни вайрон қилиб Кавказ ортидаги даштларга чиқишган. Улар ўзаро иттифоқ тузган алан, лазгин, черкас ва қипчоқлар қўшинини тор-мор келтиришган. Мўғуллардан қаттиқ зарбага учраган қипчоқлар Дашти Қипчоқни тарк эта бошлаган. 10 минг қипчоқ оиласи Дунай ортидаги ҳудудга, Византия империяси ҳудудига қочиб ўтган. Қипчоқларнинг катта қисми руслар ҳудудига, Киев князлигига қочиб келган. Қипчоқлар орасида уларнинг хонларидан бири Котян (Қўтон) ҳам бор бўлиб, у куёвига туя, от, буқалар, чиройли чўрилар беражагини, буларнинг эвазига эса мўғулларга қарши курашда ёрдам беришини сўраган, акс ҳолда, қипчоқлар ерига ҳужум қилган мўғуллар русларга ҳам ҳужум қилажаклар деб айтган. Мстислав Киевда Жан. рус князларининг съездини чақирган. Унда қипчоқлар билан ҳамкорликда мўғулларга қарши чиқишга қарор қилинган. Съезд ёрдам сўраб Суздалга улуғ князь Георгий ҳузурига чопарлар юбориб, сўнгразудлик б-н қўшин тўплаш учун тарқалган. Киев князи Мстислав, Смоленск князи Владимир ва бир неча кичик, майда князлар мўғулларга қарши чиқиб, Днепр соҳилига келишган. Мўғул лашкарбошилари улар хузурига элчиларини юбориб, руслар билан қипчоқлар иттифоқига барҳам беришга уринган. Бироқ, руслар элчилар (10 киши)ни қатл этиб, Днепрни кечиб ўтишган ва қирғоқдаги мўғуллар илғори бошлиғи Гемабекни асирга олишган, уни қипчоклар қатл этган. Ҳарбий ҳийла ишлатиб, атайин чекинаётган мўғулларни таъқиб этган руслар Калка дарёси томон ҳаракат қилган, улар Калкани кечиб ўтишган. Дарё рус қўшинининг ортида қолганини кўрган мўғуллар жангга ҳозирлик кўришган. Галичь князи бошқа князларсиз ҳам ўзининг ғалаба қозонишига тўла ишонган ҳолда Киев ва Чернигов князларини огоҳлантирмай туриб 1223 й. 31 майда жангни бошлаган. Лекин, қипчоқлар кўмак бериб турсада унинг қўшини буткул янчиб ташланган. Князь жангчиларини ташлаб, дарёдаги қайиқларини ёндириб юбориб, ўзи эса шармандаларча қочиб қолган. Рус қўшинидан атиги ўндан бир қисми омон қолган, олти князь ҳалок бўлган. Устига-устак қипчоклар жанг майдонини ташлаб қочаётганларни ўлдирганлар, уларнинг отларини ўлжа олганлар. Киев князи бу мағлубиятнинг ryвоҳи бўлган, лекин у дарё қирғоғидаги тепаликда жойлашган ўз қароргоҳидан қўзғалмаган. У қароргоҳини мустаҳкамлашга киришган, лекин, мўғуллар фурсатни бой бермай ҳужумга ўтишган. Мўғулларнинг бир қисми рус қўшинининг омон қолган жангчиларини таъқиб этган бўлса, бошқаси Киев князи қароргоҳига ҳужум қилган. Князь 3 кун мобайнида мардонавор курашган, бироқ, мўғулларга Тохучар нўён тумани (10 минг жангчидан иборат қўшин) ёрдамга етиб келганини кўргач, таслим бўлишга қарор қилган. У мўғуллардан ўзи, 2 князи ва куёвларининг жонини омон крлдиришларини сўраб, эвазига товон тўлашини билдирган. Мўғуллар шартни қабул қилишган, лекин уларни асир олгач, барчаларини қатл этишган. Учта князь шармандали ўлимга маҳкум этилган; мўғуллар уларни тахта супа тагига ётқизиб устида зафар базми уюштирганлар.

Мўғуллар Калка жангидан сўнг Россия ҳудудига ҳеч қандай қаршиликсиз бостириб киришган.

1380 й. да Олтин Ўрда тахтида ҳукмронлик қилиш учун Тўхтамиш б-н Мамай ўртасида ҳам Калка жанги бўлган. Унда Мамай мағлубиятга учраган.

Ад.: Мурад Аджи, Полынь половецского поля, М., 1994; Карамзин Н. Н., История государства Российского, т. 2—3, М., 1990; Д ‘ Оссон, От Чингисхана до Тамерлана, Алмааты, 1996.

Loading...