КАЛТАКЕСАКЛАР

КАЛТАКЕСАКЛАР (Sauria) – судралиб юрувчилар синфининг кенжа туркуми. 2000 тача тури бор. Гекконсимонлар, тангача оёқлилар, агамалар, игуаналар, урчуқсимонлар, заҳартишлилар, эчкемарсимонлар, амфисбеналар, асл калтакесаклар, сцинксимонлар каби оилаларга бўлинади. Калтакесакларнинг тана шакли турли-туман. Беш бармоқли оёқлилари ҳам, оёқсизлари ҳам учрайди. Оёқсиз Калтакесакларда тўш суяги ва оёк камари сақланган. Калтакесаклар кенг тарқалган. Ўзбекистонда уларнинг 38 тури, мас, фотманчиқ, эчкемар, тошкалтакесак, кункарғар, сариқ илон, бот-бот, қизилқулоқ ва ҳ. к. бор. Асл калтакесаклар оиласи мазкур туркум учун типик вакилдир. Бу оиланинг 156 тача тури бор. Улар 21 та уруққа киради. Гавдаси цилиндр шаклида; бўйни яққол ажралиб туради; думи узун ва узилувчи; оёклари яхши ривожланган; боши ва қорни қалқонлар, гавдаси тангачалар билан қопланган. Думидаги тангачалар ҳалқа шаклида. Қулоқ тешиги бор. Африка, Осиё ва Европанинг серқуёш, иссиқ минтақаларида яшайди. Ўзбекистонда ёзда кун қизиганда уяларига (салқин жойларда) кириб олади. Қишда (нояб. дан мартгача) карахт бўлади. Тухум қўяди; тухумдан тирик туғувчи турлари ҳам бор. Ҳашарот ва б. жониворлар билан озиқланиб, кўп фойда етказади. Югурдак калтакесак, тирик туғар калтакесак, Ўзбекистонда кенг тарқалган илдам калтакесакча ва ҳ. к. шу оилага киради.

Loading...