КАЛЬЦИФЕРОЛЛАР

КАЛЬЦИФЕРОЛЛАР, витамин Д — ёғда эрийдиган бирикмалар; стеринлар ҳосиласи. Антирахит хоссага эга. Энг муҳим Кальцифероллар: эргокальциферол (витамин Д2) ва холикальциферол (витамин Д3). Улардан биринчиси эргостерин (провитамин Д2) нурлантириш таъсирида сунъий синтезланади. Иккинчиси одам ва ҳайвонлар танасида қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсирида 7-дегидрохолестерин (провитамин Д,)дан олинади. Кальциферолларнинг асосий манбаи баликлар, китлар ва баъзи б. ҳайвонлар жигаридаги ёғлар, нурлантирилган ачитқилар ҳисобланади. Кальцифероллар ичакда кальций ва фосфор алмашинуви, уларнинг буйракда реабсорбцияси (қайта сўрилиши)ни ва бу тузларнинг суяк тўқимасидан чиқариб ташланишини бошқаради. Витамин Д нинг етишмаслиги скелетни минераллаштиради (рахит ва скелет тўқимасининг юмшоқ бўлиб қолишига сабаб бўлади). Витамин Д меъёридан кўп бўлганда қонда миқдори ортади. Бу витамин юмшоқ тўқимада тўпланиб боради (гипервитаминоз). Вояга етган одам организмида бир суткада 2,5 мкг, болаларда 12,5 мкг витамин Д сарфланади.

Loading...