КАЛЬЦИТ

КАЛЬЦИТ (лот. calx (calcis) — оҳак), оҳакли шпат — карбонатлар синфига мансуб минерал. Кимёвий формуласи СаСО,. Тригонал сингонияли. Ромбсимон, пластинкасимон, қисқа тўртбурчак, призматик, устунсимон кристаллар. Қаттиқлиги 3—3,5. Зичлиги 2,7 г/см3. Рангсиз ёки оқ, кўпинча, қўнғир, кулранг, сариқ, пушти, қизил, қора. Рангининг ҳар хиллиги таркибидаги минерал қўшимчаларига боғлиқ. Шишадек ялтироқ. Қиздирилганда (825°) парчалана бошлайди. Кислоталарда карбонат ангидрид чиқариб эрийди. Кальцитни тола, томир, унсимон, Исландия шпати турлари маълум. Ер пўстида энг кўп тарқалган минераллардан. Кальцит карбонатит, оҳактош, бўр, мергель, мармар кабиларнинг асосий таркибий қисми. Охактошли ғорларда сталагмит ва сталактит шаклида кўп учрайди. У оҳактошли термал сувларда чўкиб ва нураш жараёнларидан, оҳактошларнинг қайта кристалланишидан ҳосил бўлади. Дунёнинг деярли ҳамма жойларида бор. Ўзбекистонда Зарафшон-Ҳисор, Писком-Угом, Нурота, Зирабулоқ-Зиёвуддин, Қурама ва б. тоғларда кўп. Кальцитнинг шаффоф хили — Исландия шпати оптик (микроскоп ва б.) асбобларда ишлатилади. Шунингдек, Кальцит портланд цемент и. ч. да, оҳакли тупроқлар тайёрлаш учун, рудалардан темир ва б. металларни эритиб олишда флюс сифатида ишлатилади.

Loading...