КАМАЛАК

КАМАЛАК — 1) осмон гумбазида ранго-ранг бўлиб кўринадиган ёй; ёруғликнинг атмосферадаги ёмғир томчиларида синиши, қайтиши ва дифракцияси натижасида юз беради. Ёмғир ёғиб ўтгач, Қуёшга қарама-қарши томонда ҳосил бўлади. Қуёш уфққа қанча яқин бўлса, Камалак шунча катта кўринади. Камалакнинг бурчак радиуси 42° га тенг, ташқи қисми қизил, ички қисми бинафша рангда кўзга ташланади; унда бошқа ранглар тўлқин узунлигига қараб жойлашади. Айрим вақтларда атмосферада қўшалоқ Камалак ҳам кузатилади. Қўшимча К. ички қизил қисмининг бурчак радиуси 50° га тенг. Баъзан, атмосферада айни бир вақтда 3 тадан 6 тагача Камалак ҳосил бўлиши мумкин; 2) ов ва жанг қуроли (қ. Камон, Ўқ-ёй).

Loading...